Facebook компанияси ижтимоий тармоқдаги контентни кузатиш билан шуғулланувчи собиқ ва ҳозирда ҳам ишлаётган модераторларнинг руҳий соғлиғида юзага келган муаммолар сабаб 52 миллион доллар компенсация тўлайдиган бўлди, деб хабар қилади IXBT.

Фото: IXBT

Мазкур келишув Facebook платформасидаги контентлар модераторлиги билан шуғулланиб, депрессия, гиёҳванд моддаларга мойиллик ва бошқа муаммоларга дуч келган 11 минг ходимни назарда тутади.

Текширувларга кўра, Cognizant аутсорсинг гиганти орқали ёлланган Facebook контенти модераторлари зўравонлик, қотиллик, ўз жонига қасд қилиш, шунингдек, нафрат ва хавф тасвирланган материалларни кўриш давомида стрессга тушиб қолган.

Facebook’да контентларда кузатувчи минглаб модераторлар бор бўлиб, улар сайтга жойланган жуда кўп миқдордаги суратлар ва бошқа конкентларни кўриб чиқиши керак. Агар қоидаларни бузадиган пост бошқа фойдаланувчилар томонидан белгиланган бўлса, уни кўпинча постни қолдириш ёки ўчириб ташлаш тўғрисидаги якуний қарорни қабул қиладиган модератор кўриб чиқади.

Модератор бўлиб ишлаган Селена Скола судга мурожаат қилиб, иш жараёнида ўзида посттравматик стресс бузилиши юзага келгани сабаб Facebook’ни айблаган. Ҳозирда Cognizant компанияси модерациялар хизмати бозорини тарк этган.

Таъкидланишича, дастлаб 2015 йилдан буён Facebook’да ишлаган Аризона, Калифорния, Флорида ва Техасдан бўлган модераторлар билан келишилади. Уларнинг ҳар бирига камида минг доллардан тўланади. Айрим ҳолатларда компенсация 50 минг долларни ташкил этади.

Мазкур ишни ўрганиб чиқаётган Калифорния суди 2020 йил охирига қадар якуний қарорни қабул қилади.