Жаҳон банки коронавирусга қарши кураш чора-тадбирларини қўллаб-қувватлаш мақсадида Марказий Осиё давлатларига 370 миллион доллар ажратди. Маблағлар фавқулодда жавоб бериш глобал дастури доирасида ажратилган, шунингдек, Жаҳон банки маблағлари асосида амалга оширилаётган лойиҳалардан қайта йўналтирилган. Бу ҳақда банк матбуот хизматига таяниб, «Gazeta.uz» хабар берди.

Фото: «Дарё»

Жаҳон банкининг ёрдами миллий соғлиқни сақлаш тизими ва биринчи тиббий ёрдам самарадорлигини ошириш, эпидемиологик мониторингни яхшилаш, юқумли касалликларга чалинган беморлар билан ишлайдиган тиббиёт ходимларини тайёрлаш каби кенг кўламдаги тадбирларни амалга оширишда қўл келиши кутилмоқда.

Ажратилган пул маблағлари муҳим тиббий ускуналар, яъни тест тизимлари, лаборатор реагентлар, реанимация бўлимлари учун ускуналар ҳамда тиббиёт ходимлари учун шахсий ҳимоя воситаларини харид қилиш учун ҳам ишлатилади.

Бундан ташқари, мазкур маблағлар Марказий Осиё давлатларининг устувор йўналишларидан келиб чиққан ҳолда, молиялаштириш эҳтиёжманд аҳоли қатламларини ижтимоий ҳимоя қилиш бўйича дастурларни кенгайтириш, масофавий таълим тизимини йўлга қўйиш ва пандемия оқибатларини юмшатиш бўйича бошқа вазифаларни амалга оширишда кўмак беради.

«COVID-19 пандемияси сабабли жаҳон иқтисодиёти мисли кўрилмаган инқирозга гувоҳ бўлмоқда. Аниқроғи, биз Иккинчи жаҳон урушидан буён энг оғир иқтисодий инқироз арафасида турибмиз. COVID-19’нинг оқибатларини юмшатиш учун минтақа давлатлари тезкор ҳаракатланиши керак. Бунда инқироздан чиқиш жараёнини режалаштириш ва иқтисодий ўсишни тиклаш бўйича аниқ чоралар ҳамда тизимли ислоҳотларни аниқлашдан бошлаш лозим», — дея таъкидлаган Жаҳон банкининг Марказий Осиёдаги етакчи иқтисодчиси Ивайло Изворски.

14 май ҳолатига кўра, Жаҳон банкининг қуйидаги лойиҳалари Марказий Осиёдаги COVID-19 оқибатларини юмшатиш бўйича амалга оширилмоқда:

Ўзбекистон

Соғлиқни сақлаш миллий тизимини яхшилаш ҳамда пандемия оқибатида келиб чиққан иқтисодий инқироздан азият чекаётган эҳтиёжманд аҳоли қатламларини қўллаб-қувватлаш йўналишига 95 миллион доллар ажратилди.

Бундан ташқари, Жаҳон банки давлат бюджетига солиқ тушумлари сезиларли даражада камайган ва инқирозга қарши ҳукумат дастури доирасидаги харажатлари ўсаётган бир пайтда давлат бюджетини таъминлаш мақсадида 200 миллион доллар ажратган.

Ўзбекистонда тезкор тиббий ёрдам тизимини яхшилаш дастури доирасида 17 миллион доллар ажратилган. Ушбу дастур доирасида ўпкани сунъий нафас олдириш аппаратлари, рентген аппаратлар, инфузион насослар, тест тизимлари, юқумли касалликларга чалинган беморлар саломатлигини мониторинг қилиш бўйича ускуналар ва бошқалар харид қилинади.

Ўзбекистонга энг кўп маблағ ажратилганлигини мамлакатдаги Жаҳон банкининг портфели Марказий Осиёсидаги энг катта портфел эканлиги билан изоҳлаш мумкин. Жаҳон банки шу пайтга қадар Ўзбекистонда 23 та лойиҳага 4,44 миллиард доллар ажратган.

Қозоғистон

Ижтимоий тиббий суғурталаш дастурини реструктуризация қилиш доирасида 236 та сунъий нафас олдириш аппаратини сотиб олиш учун 10 миллион доллар ажратилган. Қўшимча сифатида, яна 123 та сунъий нафас олдириш аппарати ҳамда бошқа тиббий ускуналарни сотиб олишга 17 миллион доллар ажратилмоқда.

Тожикистон

Мамлакатга 11,3 миллион доллар ажратилган. Ушбу маблағ аҳолига тезкор ёрдам кўрсатиш бўйича имкониятларни кенгайтиришга йўналтирилади. Маблағлар реанимация бўлимлари учун тиббиёт ускуналари, тиббиёт ходимлари учун шахсий ҳимоя воситалари, тест тизимлари ва лаборатор реагентларни сотиб олишга ҳамда реанимация ходимларини ўқитиш ва COVID-19 профилактикаси мақсадидаги ахборот тадбирларига йўналтирилади.

Қирғизистон

Қирғизистон керакли тиббиёт жиҳозлари, тиббий ёрдам машиналари, фавқулодда вазиятларга тезкор жавоб берадиган гуруҳлар учун мобил қурилмалар ва тиббиёт ходимлари учун шахсий ҳимоя воситаларини харид қилиш учун 21 миллион доллар кўмак олган.

Дунё бўйлаб ва Марказий Осиёда COVID-19 пандемияси сабаб бўлган иқтисодий ва молиявий инқироз ва ишсизликнинг кучайиши натижасида иш ҳақининг пасайиши, нархларнинг кўтарилиши ҳамда таълим ва соғлиқни сақлаш хизматларидан фойдаланиш имкониятининг пасайиши аҳолининг кам таъминланган ва заиф қатламларига таъсир кўрсатди, дейилади банк хабарида.

Марказий Осиё мамлакатларига пандемиянинг салбий иқтисодий оқибатларини юмшатишда кўмак бериш учун Жаҳон банки минтақа мамлакатлари ҳукуматлари билан биргаликда вазиятни баҳоламоқда ҳамда ресурсларни қайта ташкиллаштириш ва қайта тақсимлаш мақсадида мавжуд лойиҳаларни ўрганмоқда.

Жаҳон банки миллий иқтисодиётларни қайта тиклаш учун қўшимча маблағ жалб қилишни режалаштирмоқда. Унинг ёрдами аҳоли даромадларини сақлашга, чорвачилик ва қишлоқ хўжалигини ривожлантиришга, ижтимоий ҳимоя хизматларини кўрсатишга, рақамли иқтисодиётни ривожлантиришга ва маълумотларни бошқаришга қаратилган.

Кейинги 15 ой ичида Жаҳон банки дунё мамлакатларига иқтисодиётларини тиклашга ёрдам бериш учун 160 миллиард долларни сафарбар қилиши кутилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда коронавирус сабабли юзага келадиган иқтисодий муаммоларга қарши курашиш учун Инқирозга қарши жамғарма тузилиб, унга 10 триллион сўм ажратилиши маълум қилинган. Ўзбекистон Президентининг 22 апрелда имзолаган қарорига кўра, пандемия оқибатларини камайтириш учун 2020 йилда 3,1 миллиард доллар жалб қилиш режалаштирилмоқда. Халқаро валюта жамғармаси Ўзбекистонга 375 миллион доллар миқдорида кредит ажратишга розилик берган ва бунинг учун қўшимча шарт қўймаслигини маълум қилган.