Тожикистонда пневмония билан касалланганларнинг сони ортаётган бир вақтда мамлакатда кўплаб шифокорлар вафот этмоқда. Asia-Plus пандемия бошланишидан буён ҳозирга қадар вафот этган шифокорлар рўйхати билан бўлишди.

Фото: Asia-Plus

Охирги пайтлар ижтимоий тармоқларда кўплаб шифокорлар вафот этаётгани ҳақида хабарлар тарқалмоқда. Марҳумларнинг яқинлари, қариндошлари, ҳамкасблари, беморлар шифокорларни яхши сўзлар билан ёдга олмоқда. Ушбу давр оралиғида шифокорларнинг ўлимига нима сабаб бўлгани тўғрисида расмий маълумотлар йўқ.

Ижтимоий тармоқлардаги постларда ҳам ўлим сабаблари кўпинча аниқ кўрсатилмаган, бироқ фойдаланувчиларнинг таъкидлашича, шифокорларнинг ўлимига коронавирус сабаб бўлмоқда.

Нашр «пневмония оқибатида» вафот этган шифокорлар ва тиббиёт ходимлари ҳақида ОАВ ҳамда ижтимоий тармоқлар орқали эълон қилинган материалларни тўплаб чиқди.

Сил ва пневмониядан

Оммавий ахборот воситалари тиббиёт ходими вафот этгани ҳақида илк бор апрель ойининг ўрталарида маълум қила бошлади: Вохтардаги вилоят клиник шифохонасининг ходими 12 апрель куни вафот этган. У хориждан келган тожикистонликлар сақланган карантин ҳудудида ишлаган.

Мамлакат соғлиқни сақлаш вазирлиги, Оишахон Алимованинг ўлимига инфильтратив сил ва юрак қон-томир тизимидаги касалликлар сабаб бўлганини расман маълум қилган.

Бироқ Оишахоннинг яқинлари аёл силдан азият чекмаганини билдирган.

Шифокорнинг вафот этишига боғлиқ иккинчи ҳолат ҳақида 24 апрель куни маълум бўлган: Душанбедаги 1-сонли шаҳар тиббиёт марказининг 57 ёшли физиотерапевти Фатто Солиев вафот этган. Унга пневмония ташхиси қўйилган бўлиб, шифохонага 20 апрель куни уйидан олиб келинган. Марҳумнинг жасадини тиббиёт ходимлари кўмган.

Тожикистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги фақат бир марта — 27 апрель куни Душанбе шаҳридаги 1-сонли шаҳар тиббиёт марказида 136 нафар тиббиёт ходими пневмония билан касалхонага жойлаштирилганини маълум қилган.

Ижтимоий тармоқларнинг «Қора хати»

Ижтимоий тармоқларда турли мутахассисликка эга шифокорлар вафот этаётгани ҳақида кўплаб хабарлар тарқалмоқда. Бироқ буни қанчалик ҳақиқатга яқинлигини аниқлашнинг имкони йўқ.

Хусусан, 1 май куни Зуля Раҳматова исмли фойдаланувчи 69 ёшли нейрожарроҳ Жўрақул Ражабов вафот этганини маълум қилган.

Фото: Facebook / Rahmatova Zuly

Шу куннинг ўзида Раҳматова пойтахт дорихонасининг мудири, фармацевт Гадо Гадоев вафот этганини эълон қилган.

Фото: Facebook / Rahmatova Zuly

7 май куни Facebook’даги Наимжон Мавлонов «Тожикистон шифокорлари» гуруҳига Душанбе шаҳри марказий тез ёрдамида ишлаган уролог-шифокор Ватаншох Ражабов вафот этганини ёзиб қолдирган.

Фото: Facebook / Наимжон Мавлонов

Шунингдек, 7 май куни Фируза Набиева исмли фойдаланувчи 15 кун ичида вафот этган шифокорларнинг исмлари ва суратларидан иборат пост қолдирган.

«Шу кунларда мамлакатнинг энг яхши шифокорлари вафот этаётганини эшитиш нақадар қайғули… 23 апрелдан 6 майга қадар ўн нафар шифокор ёруғ оламни тарк этди. Агарда шундай давом этадиган бўлса, ой охирига бориб ушбу рақамлар 20 га, 6 ойда эса 120 га етиши мумкин. Шифокорларнинг ўлими — миллатнинг ўлими! Биз бунга йўл қўймаслигимиз керак! Шифокорларни асранг, уларга ёрдам беринг, улар ҳимояда бўлиши керак», — деб ёзади Набиева.

Ушбу постда Хўжанддаги 1-сонли шаҳар шифохонасининг неврологи Гулнора Сатторова, нейрожарроҳ Рашодхон Бақоев ҳамда шифокор Дўстмуҳаммад Дўстматов вафот этгани тўғрисида хабар берган.

Фото: Facebook

Шунингдек, Турсунзода шаҳридаги касалхонанинг юқумли касалликлар бўйича шифокори Турғун Тўраев, шифокорлар Шерали Жўрақулов ва Абдурозиқ Халифаев ҳам вафот этган.

Дўстмуҳаммад Дўстматов

Фото: Facebook

Абдурозиқ Халифаев

Фото: Facebook

11 май куни олий тоифали шифокор, тиббиёт фанлари доктори Ўткир Аҳмедов 67 ёшида оламдан ўтган.

Фото: Facebook / Назарова Назарова

«Дадажоним узоқ йиллардан бери шифокор сифатида Тожикистонда полиомиeлитга қарши курашди. Кўплаб бемор болаларнинг оёққа туришига имкон яратди, бугун уни сўнгги манзилга кузатиш учун уларнинг кўпчилиги келди. Ҳар доим ва ҳар қандай вазиятда инсонларни даволар эди. Дадажонимизни сўнгги манзилга кузатиш учун келган барчага миннатдорчилик билдирамиз. У ҳақидаги ёрқин хотиралар доим юрагимизда қолади», — дея Аҳмедовнинг қизи ўзининг Facebook’даги саҳифасига ёзиб қолдирган.

«Халқ рўйхати»

«Халқ рўйхати»да ҳам вафот этган кўплаб шифокорларнинг исми келтирилган:

  • Умарқул Баротқулов — Зафаробод марказий шифохонаси терапевти;
  • Ҳосият Суярқулова — Зафаробод марказий шифохонаси ҳамшираси;
  • Набижон Отаев — Расулов туманидаги «Меҳргон» тиббиёт марказининг оилавий шифокори;
  • Зарифа Қодирова — ИИВ поликлиникаси физеотерапевти;
  • Нурали Раҳимов — Вахдот шаҳри травматолог-шифокори;
  • Хафизахон Охунова — 3-сонли тиббиёт маркази ҳамшираси;
  • Ҳабиба Тожибоева — Хўжанддаги 4-сонли соғломлаштириш марказининг катта ҳамшираси;
  • Шаҳодат Тоирова — хўжандлик шифокор;
  • Рустам Ҳамидов — душанбелик офтальмолог-шифокор.

Ушбу мақолани тайёрлаш вақтида Facebook ва ОАВда яна икки нафар шифокор вафот этгани ҳақида хабарлар тарқалди.

Имомиддин Шарофиддинов исмли фойдаланувчи 14 май куни эрталаб невролог Муртазо Шукуров ҳаётдан кўз юмганини ёзиб қолдирган бўлса, «Тожикистон» ахборот сайти тиббиёт фанлари номзоди, 1-сонли шаҳар тиббиёт маркази шифокори Саёҳат Ҳамроқулова вафот этганини маълум қилган.

14 май ҳолатига кўра, Тожикистонда коронавирус билан касалланганлар сони 907 кишини ташкил этмоқда. Ўтган бир сутка ичида 106 кишида COVID-19 аниқланган ва 6 киши вафот этган. Мамлакатда коронавирус қурбонлари сони 29 кишига етган.