Хитойнинг КХДР билан чегарасида жойлашган Гирин провинциясидаги Шулань шаҳри расмийлари 10 майдан бошлаб шаҳар ва унинг яқинидаги қишлоқлар ўртасидаги ҳар қандай транспорт қатновини тўхтатди. Бунга коронавирус билан боғлиқ янги аниқланган 13 та ҳолат сабаб бўлган, деб ёзмоқда Meduza.

КХДР пойтахти Пхеньян шаҳридаги темир йўл бекати олдидаги ниқоб таққан одамлар, 2020 йил 27 апрель.

Фото: Reuters

Хабар берилишича, шаҳарда жамоат жойлари, шу жумладан, спорт иншоотлари, кинотеатрлар ва кутубхоналар ёпилган, аҳолидан эса уйда қолиш талаб қилинмоқда. COVID-19’нинг янги тўлқини Шимолий Кореядаги коронавирус билан боғлиқ вазият юзасидан саволларни юзага келтирмоқда.

КХДР январь ойида, қўшни Хитойда касалланиш сони ортган вақтда, ўз чегараларини ёпган. Шундан кейин расмий Пхеньян мамакат ичида ҳеч ким касалланмаганини маълум қилган.

Bloomberg’нинг ёзишича, америкалик ҳарбийлар Шимолий Кореяда коронавирус билан касалланганлар борлигини тахмин қилмоқда. Сеулдаги Корея университети профессори Ким Син Гоннинг маълум қилишича, КХДР чегаралари ёпилгунига қадар, 2019 йилнинг охирида Хитой билан чегара яқинида юзлаб касаллик ҳолатлари аниқланган. Бу маълумотнинг қанчалик ишончли эканлиги эса номаълум.

Шунингдек, КХДР эпидемияга қарши кураш учун бошқа давлатлардан ёрдам қабул қилишга рози бўлган. Sinxua агентлигининг хабар беришича, Хитой Шимолий Корея билан эпидемияга қарши ҳамкорликни кучайтиришга тайёр. КХДР ҳақидаги янгиликларга ихтисослашган NK News нашрининг маълумотларига кўра, Пекин Пхеньянга коронавирусни аниқловчи тест тизимларини жўнатган. Россия ҳам КХДРга ўз ёрдамини таклиф қилган.

КХДРда коронавирус билан боғлиқ вазият қандай тус олаётгани охиригача маълум эмас. Бунда билвосита белгилар мамлакатда турли чекловлар жорий қилинганини кўрсатмоқда. Март ойида 5400 киши карантиндан чиққани ҳақида хабар берилган, бироқ қанча одам карантинда қолгани номаълум. Апрель ойида Пхеньянда асосий истеъмол маҳсулотларига бўлган талабнинг ошиб кетиши натижасида дўконлар пештахталари бўшаб қолган. Бундан ташқари, КХДР етакчиси Ким Чен Иннинг 20 кун давомида кўринмай қолгани ҳақидаги хабарлар у пандемия сабабли ўзини изоляция қилгани бўлиши мумкинлиги билан изоҳланган.

Bloomberg’нинг ёзишича, Хитой ва КХДРнинг 1420 километрли чегарасида савдогарлар йиллар давомида ноқонуний маҳсулотларни олиб ўтган ҳудудлар мавжуд. Агентликнинг тахминига кўра, мазкур кишилар инфекциянинг КХДРдаги тарқатувчилари бўлган бўлиши мумкин.

Эслатиб ўтамиз, CNN телеканали АҚШ КХДР етакчиси Ким Чен Иннинг соғлиғи жарроҳлик амалиётидан сўнг ёмонлашгани тўғрисидаги разведка маълумотларини ўрганаётганини маълум қилганди. Daily NK’нинг ёзишича, Ким Чен Инда 12 апрель куни юрак-қон томир тизимига боғлиқ жарроҳлик амалиёти ўтказилган. Бироқ АҚШ президенти Дональд Трамп Ким Чен Иннинг соғлиғи ёмонлашгани тўғрисидаги маълумотлар хато эканлигини билдириб, CNN’га доим ҳам ишонавермаслигини айтган. 27 апрель куни Жанубий Корея президенти маслаҳатчиси КХДР етакчиси соппа-соғ эканлигини маълум қилган. 2 май куни Шимолий Кореяда ҳукмрон Меҳнат партиясининг матбуот органи бўлган Rodong Sinmun газетаси КХДР раҳбари Ким Чен Иннинг ўғит заводи очилишида тушган фотосуратларини эълон қилди.