Дунё бўйича COVID-19 коронавирус инфекцияси оқибатида вафот этганлар сони 300 минг нафардан ошди. Бу ҳақда Жонс Ҳопкинс университети тақдим этган маълумотларда қайд этилган.

Фото: Reuters

Коронавирус туфайли ҳаётдан кўз юмганлар сони 14 май ҳолатига кўра 300 минг 74 нафарни, бутун дунёда касаллик юқтириб олганлар эса 4 миллион 405 минг нафарни ташкил қилган.

Рекорд даражадаги энг кўп ўлим ҳолатлари АҚШда кузатилган. Мамлакатда пандемия қурбонларининг қарийб чорак қисми, яъни 84,9 минг нафар одам касаллик сабаб вафот этган. Ўлим кўрсаткичи бўйича иккинчи ўринда Буюк Британия жойлашган, қироллик ҳудудида 33,6 минг нафар одам ҳаётдан кўз юмган. Мос равишда 3, 4 ва 5-ўринлар Италия (31,3 минг нафар), Испания (27,1 минг нафар) ва Францияга (27 минг нафар) насиб этган. АҚШ ва Европадан ташқарида энг кўп ўлим ҳолати – Бразилияда кузатилган ва футбол афсунгарлари юртида 13,5 минг нафар киши касаллик қурбонига айланган.

Россия ўлимлар сони бўйича дунёда 18-ўринни эгаллаб турибди. Расмий маълумотга кўра мамлакатда 14 май ҳолати бўйича 2305 нафар киши коронавирус оқибатида вафот этган.

Дунёда ўлимлар сонининг 100 мингтадан ошиши Хитойда касаллик тарқала бошлаганидан тахминан 3,5 ой ўтгач, яъни 10 апрелга тўғри келган. Қурбонлар сони 25 апрелга келиб 200 мингталик довондан ўтди. Орадан 19 кун ўтгач вафот этганларнинг умумий сонига яна 100 минг нафар қурбон қўшилди.