Малайзия ҳукумати коронавирус сабабли масжидларда тўхтатилган жума намозларини ўқишга 2 ой деганда яна рухсат берди, деб хабар бермоқда «ТАСС». Мамлакат бош вазирининг дин ишлари бўйича департаментидаги вазир Зулқифли Муҳаммад ал-Бакрий баёнотида айтилишича, жума намозларини ўқиш мамлакатнинг кўплаб ҳудудларида 15 майдан бошланади.

Фото: AFP

«Коронавирус тарқалиши билан боғлиқ вазият ижобий деб тан олинган ҳудудларда жойлашган масжидларда муайян эҳтиёт чораларига риоя қилинган ҳолда жума намозлари ўқилиши бошланади», — деб айтган у. Бироқ масжидда бир вақтда имомдан ташқари 30 нафаргача одам бўлишига рухсат берилишини таъкидлаган.

Бундан ташқари, масжидга киришда тана ҳарорати ўлчанади ва ташриф буюрувчиларнинг шахсий маълумотлари ёзиб олинади. Шу билан биргаликда, вазир сурункали оғир касалликларга эга одамларни масжидларга келмай туришга чақирган.

Айни вақтда Малайзияда 13 штатдан 8 та штатнинг деярли барча ҳудуди «яшил» ҳудуд деб эълон қилинган.

Мамлакатда масжидлар ёпилиши ва жума намозлари тўхтатилиши ҳақидаги қарор март ойида коронавирусга чалинганлар сони кескин ошиб кетгандан кейин қабул қилинганди. Ўшанда пойтахт Куала-Лумпур атрофидаги ҳудудларда оммавий диний фестиваль ўтказилиши вируснинг тарқалиши асосий ўчоқларидан бири бўлгани айтилганди. Фестивальда бир нечта давлатдан 16 минггача одам йиғилган.

Айни вақтда мамлакатда коронавирусга чалинганлар сони 6,8 мингдан ошган, улардан 5,3 минг нафардан ортиғи соғайган.

Эслатиб ўтамиз, Саудия Арабистонида жамоат намозлари ўқилиши вақтинча тўхтатилган, дунё мусулмонларига таровеҳ намозини уйда ўқиш тавсия қилинганди. Ўзбекистонда ҳам жума намозлари вақтинча ўқилмайди. Рамазон ойидаги таровеҳ намозларини уйда ўқиш тавсия қилинган. Тожикистон, Қозоғистон, Қирғизистонда ҳам шу турдаги чеклов чоралари қабул қилинган. Туркманистонда эса COVID-19 пандемияси фонида ҳам аҳоли Рамазон ойида масжидларга боришни давом эттирмоқда.