Москвада 15 майдан бошлаб коронавирусга антитанани аниқлаш учун аҳоли янги усулда бепул оммавий скринингдан ўтказилади. «РИА Новости»нинг хабар беришича, бу ҳақда шаҳар мэри Сергей Собянин ўзининг сайтида маълум қилган.

Фото: «РИА Новости»

«Муҳим ва ноёб амалиёт. Бундай ишлар дунёнинг ҳеч бир жойида, бирор-бир мамлакатида амалга оширилмаган. Бундай кўлам ва тизим ҳали ҳеч қаерда яратилмаган. Москва буни дунёда биринчи бўлиб шундай кўламда ва тизимда амалга оширмоқда. Табиийки, биз буни имкон қадар очиқ ўтказамиз», — деган Собянин.

Унинг айтишича, олинган маълумотлар таҳлил қилиниб, улар асосида Москвада чеклов чораларини узайтириш ёки юмшатиш масаласи ҳал қилинади.

Бир неча кун давомида ҳар куни, тахминан, 70 минг москвалик бепул таҳлил топшириш учун таклиф қилинади.

Маълумот учун, Москва Россияда коронавирус тарқалиши бўйича етакчи шаҳар бўлиб турибди. Россияда сўнгги бир суткада 9974 кишида коронавирус қайд этилган бўлса, шундан 4217 таси Москва шаҳрига тўғри келади.

Аввалроқ Сергей Собянин турли аҳоли гуруҳларининг скрининг тадқиқотлари асосида Москва аҳолисининг 2 фоизи коронавирусга чалинганини маълум қилганди. Унинг айтишича, бу пандемия тарқалган дунё шаҳарлари орасида энг паст кўрсаткичдир.

Шунингдек, Москвадаги барча тиббиёт ходимларининг COVID-19’га қарши иммунитети текширилиши, Россияда COVID-19 ташхисини қўювчи 17 та тест давлат рўйхатидан ўтказилгани хабар берилган эди.