Қозоғистон пойтахтида коронавирус билан касалланган икки бемор вафот этди, хабар беради Tengrinews.

Фото: «Известия»

Сўнгги маълумотларга кўра, мамлакатда COVID-19 билан касалланган беморлар сони 5689 кишига етган. Ҳозирга қадар вирусга чалинган 2531 бемор даволанишга муваффақ бўлган.

Таъкидланишича, 13 май куни 1958 йилда туғилган аёл, 14 май куни эса — 1977 йилда туғилган эркак коронавирусдан вафот этган.

Қозоғистонда коронавирус билан касалланишнинг кунлик ўсиш суръати 2,1 фоизни ташкил этмоқда. Бугунги кунга қадар мамлакатда 34 киши коронавирус қурбонига айланган.

Қирғизистонда ўтган бир сутка ичида яна 29 кишида коронавирус аниқланган бўлиб, уларнинг аксарияти Норин вилояти ҳисобига тўғри келмоқда — 11 киши, деб хабар беради «Kloop».

Шунингдек, Бишкекда — 6 киши, Чуй вилояти ва Ўшда — 4 кишидан, Жалолобод вилоятида — 2 киши ва Ўш ҳамда Иссиқкўл вилоятларида 2 кишидан коронавирус аниқланган.

Бутун мамлакат бўйлаб коронавирусга чалинганлар сони 1111 кишига етди, ҳозирда 353 киши стационарларда даволанмоқда, беш нафарининг аҳволи оғир.

Қирғизистонда касаллар билан алоқада бўлган 5180 киши уй карантинида, шифокорлар назорати остида сақланмоқда.

Таъкидланишича, ўтган бир сутка ичида мамлакатда COVID-19’га чалинган 10 нафар бемор даволанишга муваффақ бўлган. Шунингдек, икки бемор вирус қурбонига айланган — Норин вилоятидан бўлган аёл ва бишкеклик эркак. Иккала бемор ҳам сурункали касалликлар билан оғир аҳволда бўлган. Мамлакатда коронавирус оқибатида вафот этганларнинг жами сони 14 кишига етди.

Маълумот учун, Ўзбекистонда 15 май соат 10:00 ҳолатига кўра коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 2652 нафарни ташкил қилмоқда. Айни пайтда мамлакатда 2136 нафар фуқаро коронавирус инфекциясидан бутунлай соғайган. Ҳозирда Ўзбекистонда даволанаётган 505 нафар бемордан саккиз нафари оғир аҳволда.