Президент Шавкат Мирзиёев Сардобада 1 май куни юз берган фалокатдан зарар кўрган ҳудудларни тиклаш ишлари билан танишиш учун 15 май, жума куни Сирдарё вилоятига ташриф буюргани ҳақида хабар берилган эди. Ташриф чоғида Президент Сардоба туманида маҳаллий аҳоли вакиллари билан учрашди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Президент Шавкат Мирзиёев сув омборида юз берган техноген авария жуда катта синов бўлганини, Ҳукумат комиссияси ташкил этилиб, тошқин оқибатларини бартараф этишга барча куч ва имкониятлар сафарбар қилинганини яна бир бор қайд этди.

«Бу ишларни ташкил этиш ва Сирдарё халқидан хабар олиш учун бугун тўртинчи марта сизларнинг олдингизга келдим. Ҳар соат, ҳар дақиқа бу ердаги ишлар ҳолатини суриштириб турибман, телефон орқали ҳисобот оляпман», — деди давлат раҳбари.

Фото: Президент матбуот хизмати

Аҳолининг турмуш шароитларини тиклаш асосий вазифа экани, зарарланган уйларни таъмирлаш ҳамда янги турар жойлар қуриш бўйича ишлар бошлаб юборилгани таъкидланди.

«Таъмирланадиган уйлар ҳам, янги қуриладиганлари ҳам давлат томонидан бепул қуриб-таъмирлаб берилади. Одамлар янги кўп қаватли уйларга ва ўзларининг таъмирланган ҳовли-жойларига 1 сентябргача тўлиқ кўчиб ўтиши мумкин бўлади. Шу билан бирга, уйлари зарарланган одамларнинг илгариги ҳовлилари ҳам ўзларида қолади», — деди Президент.

Фото: Президент матбуот хизмати

Шунингдек, мазкур учрашув чоғида сув тошқинидан зарар кўрган 4,5 мингдан зиёд хонадон эгаларининг ҳар бирига Ўзбекистон Президентидан 40 миллион сўмлик моддий ёрдам, шунингдек, телевизор, музлатгич, кир ювиш машинаси, минипеч, электр чойнак ва дазмол каби маиший техникалардан иборат совғалар топширилаётгани маълум қилинди. Учрашувда қатнашган сардобаликларга тегишли сертификат ва банк карточкалари тарқатилди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Эслатиб ўтамиз, Сардобадаги фалокатда салкам 6 мингта турар жойга зарар етган. Сирдарёдаги тошқиндан талафот кўрган туманларда 50 та кўп қаватли уй қурилиши режалаштирилган. Аввалроқ Сирдарё вилоятининг сув тошқинидан жабр кўрган ҳудудларида уйлар Ўзбекистоннинг вилоятлари кўмаги билан қурилиши ҳақида хабар берилган эди.