Сардоба, Мирзаобод ва Оқолтин туманларида 1 800 га яқин бетон панелли коттеж мавжуд бўлиб, улар сув тошқинидан кўп зарар кўрмаган. Президент матбуот хизматидан маълум қилишларича, уларни замонавий таъмирлаб, ўз эгаларига топшириш режалаштирилган.

Президент Шавкат Мирзиёев Сирдарё вилояти Мирзаобод тумани аҳолиси билан учрашувда, 2020 йил 15 май.

Фото: Президент матбуот хизмати

Шу мақсадда Ўзбекистоннинг барча ҳудудларидан, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри раҳбарлари бошчилигида 305 та қурилиш ташкилоти ва 12 мингга яқин қурувчилар Сирдарёга етиб келган.

Самарқанд вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов (чапдан биринчи), Қашқадарё раҳбари Зоир Мирзаев (чапдан иккинчи), Тошкент вилояти ҳокими Рустам Холматов (чапдан учинчи) ва Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов Сирдарё вилояти Оқолтин тумани аҳолиси билан учрашувда, 2020 йил 15 май.

Фото: Президент матбуот хизмати

Оқолтин туманидаги «Шодлик», «Саховат», «Аҳиллик» маҳаллаларида ва «Учтом» аҳоли пунктида жами 657 та коттеж таъмирланади. «Шодлик» маҳалласидаги уйлар Самарқанд, Қашқадарё ва Тошкент вилоятига, «Аҳиллик» маҳалласи ва «Учтом» аҳоли пункти Сурхондарё вилоятига, «Саховат» маҳалласидаги турар жойлар Тошкент шаҳрига бириктирилган.

Сирдарё вилояти Сардоба туманида 1 май тошқинидан сўнг таъмирланган хонадон, 2020 йил 15 май.

Фото: Президент матбуот хизмати

Шунингдек, Мирзаобод туманидаги «Навбаҳор», «Ҳақиқат» ва «Янгиовул» маҳаллаларида жами 616 та коттеж таъмирланади. Мирзаободдаги қурилиш-таъмирлаш ишларига Сирдарё, Жиззах, Фарғона, Наманган ва Андижон вилоятлари қурувчилари бириктирилган.

Президент Шавкат Мирзиёев Сирдарё вилояти Сардоба туманидаги тошқиндан сўнг таъмирланган хонадонда унинг эгалари билан мулоқот қилмоқда, 2020 йил 15 май.

Фото: Президент матбуот хизмати

Аввалроқ 15 май куни Президент Шавкат Мирзиёев сардобаликлар билан учрашувда сув тошқини оқибатида зарар кўрган уйлар давлат томонидан бепул таъмирлаб берилишини, уйлари зарарланган одамларнинг илгариги ҳовлилари ҳам ўзларида қолишини маълум қилган эди.

Бундан ташқари, шу куни сув тошқинидан жабр кўрган 4,5 мингдан ортиқ хонадон эгаларига 40 миллион сўмлик моддий ёрдам сертификати, маиший техника тўплами учун сертификат ва ичида пул маблағи бўлган банк карточкалари тарқатилиши маълум қилинди.