Туркманистоннинг Лебоп вилояти маркази бўлган Темир йўл туманида ҳукумат 27 апрель, 4 ва 13 май кунлари ёпирилган довул оқибатлари бартараф этилмаётгани туфайли маҳаллий аҳоли норозилик намойишига чиқди. Turkmen.news ушбу нозорилик чиқишининг айрим тафсилотларини маълум қилди.

Фото: Turkmen.news

Қайд этилишича, норозилик чиқишида мингга яқин аҳоли иштирок этди. Уларнинг аксарияти аёллар ва болалардир.

«Эркаклар қўрқишади. Уларни дарҳол олиб кетишади, аёлларга, айниқса болалиларга эса одатда тегишмайди», — деган нашрга маълум қилган манбалардан бири.

Маълум бўлишича, одамлар кўчага чиқиб Дянёв ва Сейди шаҳарларига элтувчи трассада ўтириб олган. Воқеа жойига тез орада мансабдор шахслар ва ҳуқуқ-тартибот идораларининг машиналари етиб келган. Намойишчилар олдига шаҳар ҳокимининг исми ошкор этилмаган ўринбосари чиққан ва шу куннинг ўзидаёқ барча муаммолар ҳал этилишига ваъда берган.

Темир йўл тумани аҳолиси муаммоларнинг энг асосийлари сифатида 2 ҳафтадан бери электр энергияси йўқлиги, канализация тизими ишламаётгани, бунинг оқибатида барча ахлатлар ҳовлиларда сузиб юргани, шунингдек, кўп қаватли уйларнинг ертўласини сув босгани кабиларни санаб ўтган.

Сув таъминоти тизими, 2 ва 3-қаватларга ичимлик суви чиқариб берувчи насослар сув остида қолган бўлиб, улар ишдан чиққан. Бундан ташқари, кўп қаватли уйларнинг ертўласидаги намлик чивинлар тарқалишига қулай шароит яратган. Оқибатда аҳоли ҳатто деразалар ёпиқ бўлса ҳам ухлай олмаяпти — чивинлар вентиляция тизими орқали хонадонларга кирмоқда.

Фото: Turkmen.news

Қайд этилишича, норозилик чиқиши қарийб 4 соат давом этган. У ерда Миллий хавфсизлик вазирлиги бошқармаси ходимлари, полициячилар, уй-жой коммунал хизмати ходимлари ҳам бўлган. Улар ҳаммасини ҳал қилишга ваъда бериб, одамларни тарқалишга ундаган. «Ҳоким аёллар билан гаплашишга қўрқиб, коммунал хизмат бўйича ўринбосарини юборди», — деган нашрга маълум қилган манбалардан бири.

Одамларнинг норозилигига асосий сабаб ҳукумат микрорайонларни унутиб юборгани бўлган. Шаҳар хизмати бор кучини биринчи навбатда марказий кўчалардаги довул оқибатларини бартараф этишга қаратган.

Бошқа томондан, шаҳар коммунал хизматларининг манбалари ҳам чекланган бўлиб, фақат бир нечта ассенизаторловчи машиналаргина ишлаган. Бирор амалдор уйини сув босса, коммунал ходимлари бажариб турган жойидаги ишини ташлаб, ўша ерга боришига тўғри келган.

Хабарда қайд этилишича, Лебоп вилоятида озиқ-овқат ва нақд пул тақчиллиги кескин муаммолигича қолмоқда.