Хитойда ўтган бир сутка ичида коронавирус билан касалланиш бўйича 4 та ва касаллик белгисиз ўтаётган 11 та ҳолат аниқланди, деб хабар бермоқда «РИА Новости» Хитой Соғлиқни сақлаш миллий комиссиясига таяниб.

Фото: «РИА Новости»

Касалланганларнинг 14 нафари соғайган. Вафот этиш ҳолати қайд этилмаган.

Коронавирус пандемияси бошланганидан буён мамлакатда 84 029 киши вирус юқтириб олган, уларнинг 79 263 нафари соғайган, 4637 нафар бемор вафот этган. Шунингдек, яна 11 кишида касаллик аломатларсиз кечаётгани аниқланган. Умумий ҳисобда бундай кишиларнинг яна 619 нафари шифокорлар назоратида бўлиб турибди.

Хитой Соғлиқни сақлаш миллий комиссияси 29 март куни мамлакатда эпидемия тарқалиши деярли тўхтаганини маълум қилганди. Бироқ март ойининг охирида Хитой фуқароларининг бошқа мамлакатлардаги эпидемиологик вазият ёмонлашиши сабабли ўз ватанларига фаол равишда қайтишни бошлагани туфайли касалликнинг четдан келиши ҳолатлари хавф туғдира бошлади. Натижада Хитойда коронавируснинг четдан келиши билан боғлиқ жами 1 692 та ҳолат қайд этилган. Уларнинг 1 646 нафари соғайган, касалхоналарда яна 48 киши қолмоқда.

Жанубий Кореяда эса сўнгги суткада коронавирусга чалинганлар сони 27 кишига ошиб, касалланганларнинг умумий сони 11 018 кишига етди, деб хабар бермоқда «РИА Новости» мамлакат Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Касалликлар назорати ва профилактикаси маркази (KCDC) маълумотларига таяниб. Эпидемия бошланганидан буён 9 821 киши тузалди, 260 нафари вафот этди.

Янги касалланиш ҳолатлари кўпайишига коронавирус борлиги гумон қилинган ва кейинчалик тасдиқланган 29 ёшли йигитнинг 2 майга ўтар кечаси Кёнгидо провинциясидаги Йоънин шаҳридан Сеулнинг одам гавжум бўлган Итхэвон ҳудудига боргани ва у ерда бир нечта клуб ва барларга киргани сабаб бўлган. Клублардаги бошқа шаҳарлардан дам олгани келган бир қатор шахслар ҳам вирус юқтириб олган. Айни пайтда клубда бўлганлар ёки уларнинг яқинларининг 131 нафарида вирус аниқланган.

Шунингдек, коронавирусга чалинганлар 29 ёшли йигит ташриф буюрмаган клубларда ҳам аниқланган. Уларнинг айримларида кунлик ташриф буюрувчилар сони 1 500 кишидан ошади. Шундан келиб чиқиб ҳукумат уларга номаълум бўлган вирус ўчоқлари борлигини тахмин қилмоқда.

Сеул администрацияси 24 апрелдан 6 майгача Итхэвондаги клубларга ташриф буюрган 5 517 ортиқ кишидан иборат рўйхатни тайёрлаб, ҳозирда уларнинг 2 400 дан ортиғи билан алоқа ўрнатган. Қолганлари билан ҳам алоқа ўрнатишга ҳаракат қилинмоқда.

Мамлакатда сўнгги суткада 59 нафар бемор соғайди. Касалликдан вафот этиш ҳолатлари қайд этилмади. Шунингдек, камида 440 кишининг организмида улар тузалганидан кейин ҳам вирус сақланиб қолгани қайд этилган.

Жанубий Корея 6 майдан бошлаб фақат эҳтиёткорлик ва профилактика чораларига риоя қилишни кўзда тутувчи «кундалик ҳаётдаги карантин» режимига ўтиб, мактаб ва жамоат муассасалари одатий фаолиятига қайта бошлаганди. Касалланганлар сони яна ортиши кутилаётгани сабабли ҳукумат бу жараённи 1 ҳафтага кечиктирди. Барча клублар ва кўнгилочар масканларни 7 июнга қадар ёпиш тўғрисидаги тавсия билан чиқди, Сеул маъмурияти эса бундай муассасаларни мажбурий равишда ёпиш тўғрисида буйруқ чиқарди.