Охирги пайтларда коронавирус махсус лабораторияларда сунъий яратилгани ва унинг назоратдан чиқиб кетгани туфайли ялпи пандемия келиб чиққани ҳақида гап-сўзлар кўпайди. Ҳатто расмий шахслар тарафидан ҳам Ғарб давлатлари разведкаси COVID-19 Хитой лабораторияларида яратилгани ҳақидаги ахборотни аниқлагани тўғрисида гаплар айтилди. Улар Хитойни фактларни яширишда ва далилларни йўқ қилишда айбламоқда. Дональд Трамп эса Хитой маъмурияти ва ЖССТ раҳбариятини жавобгарликка тортиш керак деган талабни ҳам қўйди. Хўш, аслида нималар бўляпти? Айбдор ким ўзи? «Дарё» Маsh нашри эълон қилган мавзуга оид мақолани тақдим этади.

Фото: Google Photos

Майнинг дастлабки кунларида Австралиянинг The Saturday Telegraph нашрида қизиқ бир хабар эълон қилинди. Унда айтилишича, нашр ихтиёрида ҳажми 15 саҳифалик қандайдир доклад бор эди. Доклад муаллифи «Беш кўз» деб номланган ташкилот бўлиб, у ўзида беш мамлакат – Австралия, Канада, Янги Зеландия, Буюк Британия ва АҚШ ҳарбий кучларини бирлаштиради. Ўша докладда қайд этилишича, Хитой ҳукумати коронавируснинг хатари ҳақида нафақат олдиндан билган, балки била туриб унинг кўлами ҳақидаги маълумотларни атайин яширган ва далилларни йўқ қилган.

Австралияда ўша доклад босмадан чиқиши билан АҚШ давлат котиби Майкл Помпео коронавирус лабораторияда яратилганини тасдиқловчи кўплаб далиллар мавжудлиги ҳақидаги баёнот билан чиқди. Шунингдек, у Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) раҳбариятини алмаштириш керак, деб ҳам айтди. Гап шундаки, ЖССТнинг Хитойга ҳаддан зиёд хайрихоҳлиги туфайли Америка ҳукумати бу ташкилотга нисбатан анчадан буён эътирозлар билдириб келади. Пандемия эса бу борадаги зиддиятни янада ошириб юборди.

Ахборот манбалари эса бу борада кимга ишонишни ҳам билмаяпти. Ғарб давлатлари разведкаси маълумотлари бир-бирига зид келмоқда. АҚШ Хитойга ишонмаяпти, ЖССТ эса АҚШга, Хитой эса умуман ҳеч кимга ишонмаяпти ва шифокорларни коронавирус манбайини текшириш ишларига рухсат бермаяпти. Хўш, кимга ишониш керак?

«Беш кўз» докладида нима ҳақида ёзилган?

Аввалдан айтиб ўтамизки, ҳеч қанақа докладни ҳеч ким ўз кўзи билан кўргани йўқ.Очиқ манбалардан уни топа олмайсиз. Австралиядаги бир газетага у қандайдир тарзда келиб қолган ва газета эса сиздирилган ушбу докладнинг қисқача моҳиятини эълон қилган. Шунга қарамай унга қизиқиш катта.

Уханда вирусология институти мавжуд. Ушбу институт таркибида Ши Чженли исмли аёл раҳбарлик қиладиган «Инфекцион касалликлар манбайи маркази» номли марказ ҳам бор. Ва ушбу институтда айнан кўршапалакларда учрайдиган SARS туридаги вируслар тадқиқ қилинган (коронавируснинг илмий номи SARS-CoV-2). Шу жумладан, тадқиқотларда Ухандаги ғорларда яшайдиган кўршапалаклар ўрганилган. Шу сабабли ҳам Ши Чженлини batwoman («кўршапалак аёл») дейишади.

Уханда ушбу ёқимсиз мавжудотларни тадқиқ қилиш билан анчадан буён, нолинчи йиллар ўрталаридан бери шуғулланишади. Боз устига Австралиядаги илмий даргоҳлар хитойликлар билан ҳамкорлик қилиб келган ва Ши Чженли 2006 йилда Австралияда уч ой истиқомат қилиб, илмий фаолият олиб борган. Унинг яқин ҳамкасби Пенг Жу эса ўз докторлик диссертациясини айнан Австралияда ҳимоя қилган. Австралиянинг ушбу соҳада фаолият юритувчи CSIRО федерал агентлиги Хитой билан бу борада ҳануз ҳамкорлик қиляптими, йўқми деган савол очиқ қолган, улар изоҳ беришдан бош тортган.

2013 йилда Ши Чженли бошчилигидаги илмий гуруҳ Ухань провинциясида яшовчи кўршапалакларда учрайдиган коронавирус намуналарини олишга муваффақ бўлди. Ўша коронавирус намунаси ҳозирги пандемия сабабчиси бўлган COVID-19 вируси билан 96,2 фоизга бир хилдир.

2019 йил мартида эса Ши Чженли ва унинг ҳамкасблари ҳаммуаллифлигида «Ухань кўршапалакларидаги вируслар» номли илмий мақола эълон қилинди. Ўша мақоланинг кириш қисмида муаллифлар «Келажакдаги эҳтимолий вирус ўчоқлари ва вируснинг бир турдаги жонзотдан бошқасига ўтиши потенциалини прогноз қилиш мақсад қилинган» деб қайд этди. Пандемиядан бир йил муқаддам ушбу илмий гуруҳ «Келажакда пайдо бўладиган SARS ва MERS сингари коронавируслар эпидемиясининг манбайи кўршапалаклар бўлиши эҳтимоли катта, шунингдек, эпидемиянинг дастлабки ўчоғи Хитой бўлиши эҳтимоли жуда юқори», деб ёзган эди.

2015 йил мартида эса ушбу илмий гуруҳнинг АҚШдаги Шимолий Каролина университети олимлари билан биргаликдаги тадқиқоти натижалари ҳам илмий мақола кўринишида чоп этилди. Ўшанда ҳам муаллифлар SARS вируслари одамга кемирувчилардан ва аксинча ўтиши мумкинлиги ва ҳозирги кунгача ушбу вирусга қарши даво чораси йўқ экани ҳақида ёзиб қолдирди.

Ҳозирги вазият ҳақида-чи? The Saturday Telegraph нашрининг ёзишича, коронавирус инфекцияси тарқала бошлаши билан Хитой касаллик ҳақидаги маълумотларни яшира бошлади. Айтилишича, вируснинг лабораторияда сақланаётган генетик намуналари олиб қўйилди ва йўқ қилиб юборилди; вирусни тадқиқ қилиш билан шуғулланган олимлар ҳам йўқолиб қола бошлади (масалан, Хаун Ян Линг исмли олимни ҳамон топа олишмаяпти); Хитой ҳукумати январь ойидаёқ компанияларга тест ўтказишни тақиқлади ва тайёр тестлар эса йўқ қилиб ташланди. Интернетдаги «Ухань пневмонияси», «денгиз ҳайвонлари бозори» сингари қидирув сўровлари эса чекланди. Полиция «провинциядаги сирли пневмония ҳақида гап тарқатгани учун» саккиз нафар фуқарони ҳибсга олди.

Хўш, шундай доклад ҳақиқатан ҳам мавжудлигига ишонса бўладими?

The Saturday Telegraph ёзган маълумотларнинг маълум қисмини очиқ манбалардан топиб текшириб кўриш мумкин. Масалан, Ши Чженли исмли олима ҳақиқатан ҳам бор, у кўп марта ОАВда чиқишлар қилган, интервьюлар берган, илмий нашрларда унинг муаллифлигидаги мақолалар ҳақиқатан ҳам мавжуд.

Лекин The Saturday Telegraph нашрида ўша доклад ҳақида мақола ёзган муаллифларнинг ўзидан бошқа ҳеч ким бундай докладни кўрмаган. The Guardian нашри эса «Беш кўз» ташкилоти мутасаддиларининг бундай докладдан бехабар экани, уни инкор қилишгани ҳақидаги раддияни ҳам босиб чиқарди.

Жаҳон илмий доиралари эса вирус табиий равишда келиб чиққанига ишонмоқда. Ухань институти билан ҳамкорлик олиб борган америкалик олимлар ҳам вирус табиий равишда келиб чиққанига шубҳа қилишаётгани йўқ. Ва ҳатто АҚШ разведкаси ҳам «коронавирусни одам яратмаган» дея тасдиқламоқда. Бироқ Хитой ҳукуматининг хатти-ҳаракатлари борасида гап очилганда бундай якдиллик йўққа чиқмоқда. Бундай пайтда кўпчилик вазият шубҳали туюлмоқда, деган фикрни айтяпти.

Америкаликлар-чи?

Дональд Трамп ўзининг ҳар бир баёнотида коронавирусни коронавирус деб эмас, балки «Ухань вируси» деб атамоқда. Ва у Хитойни айблашда давом этяпти. У ҳаттоки ушбу таърифни «Катта бешлик» мамлакатлари резолюциясига ҳам киритишга чоғланиб кўрди. Лекин «Катта бешлик»даги бошқа мамлакатлар бунга кўнмади.

Яқиндагина ўтказилган брифингда эса АҚШ президенти вирус айнан Ухань лабораториясида яратилганига ишониш учун ўзида жиддий асослар борлигини маълум қилди ва ЖССТ Хитой учун пиар хизматчиси сингари вазифа бажараётганини айтди. «Бунинг учун ЖССТ раҳбарияти уялиши керак», деб ҳам таъкидлади.

Fox News канали Ухань институти ходимларини «нолинчи рақамли беморлар» деб атади. Штатларнинг Ички хавфсизлик департаменти разведкаси эса Хитой эпидемия бошланишидан аввал ўзи экспортга чиқараётган тиббий буюмлар ҳажмини онгли равишда қисқартириб, аксинча хориждан тиббий маҳсулотлар импортини оширганига диққат қаратди. Бу орқали Ички хавфсизлик департаменти разведкаси Хитойни эпидемия хатари ҳақида бошқаларга индамай, ўзи тайёргарлик олиб борган деб айблади. Шунга қарамай, разведка пандемия бўйича энг катта жавобгарлик барибир ЖССТ бўйнига тушишини таъкидлади.

Нега Хитой ва ЖССТ бунчалик ўзаро яқин?

Яқинда АҚШ ЖССТни молиялаштиришни тўхтатди, қўшимчасига давлат котиби Помпео томонидан ЖССТ раҳбариятини алмаштириш керак, деган фикр янгради. Бу борадаги АҚШнинг тутган позицияси туфайли «Катта йигирмалик» давлатларининг режалаштирилган видеосаммити барбод бўлди. Америка ҳукумати ЖССТдан 190 минг нафар одам ўлимига сабаб бўлган ўз ҳаракатларини (уларнинг таъбири билан айтганда, «ҳаракатсизлигини») изоҳлашни ва бу борада алоҳида ҳисобот беришни талаб қиляпти. Хитой эса ЖССТни жавобгарликка тортиш ҳақидаги таклифнинг ўзини кўриб чиқишдан ҳам қатъий бош тортмоқда.

Нега шундай? Халқаро журналистлар ЖССТ ва Хитой анчадан буён бу қадар ўзаро яқин муносабатда эканига эътибор қаратмоқда. Хитой барча жабҳада, жумладан, жаҳон бўйлаб соғлиқни сақлаш борасида ҳам етакчи бўлиш ҳақида орзу қилади. Бу борада эса Хитой ҳукумати ўзи учун ЖССТ тимсолидаги ажойиб ҳамкор топган. Бу коронавирус билан ҳам боғлиқ эмас, балки анча аввалроқ бошланган яқин ҳамкорликдир. Шунчаки, пандемия туфайли ушбу вазиятнинг ёқимсиз жиҳатлари юзага чиқиб қолди.

Масалан, Хитой кўп йиллардан бери ЖССТни молиялаштириш борасидаги ўз улушини муттасил ошириб келмоқда. Ҳозирда ЖССТни молиялаштирадиган давлатлар ичида Хитой ўтказадиган маблағ ҳажми бўйича иккинчи ўринда туради. Башанг кийинган шифокорлар (ЖССТ айтилмоқда) эса бунга лаббай деб жавоб беряпти. Хусусан, эпидемия энди ёйила бошлаган дастлабки уч ҳафта мобайнида уларни ҳам мамлакатга яқин йўлатишмаган бўлса-да, барибир ЖССТнинг раҳбарлари ҳар сафар ўз интервьюларини Хитойни мадҳ қилиш билан бошлади. Хитой ОАВлари эса ўз лавҳаларида ЖССТ раҳбарларининг ушбу риторикасидан катта мамнуният билан фойдаланиб келмоқда.

Иш шунгача етиб боряптики, ЖССТ Хитойни баъзи сиёсий масалаларда ҳам қўллаб юбормоқда. Масалан, ғарб ОАВларида тайванлик журналистнинг ЖССТ вакили билан интервьюси кенг тарқалиб кетди. Хитой эса Тайван мустақиллигини тан олмаган. Шунга кўра, ўша интервьюда ЖССТ таркибидаги Тайваннинг ҳиссаси ва дахлдорлиги ҳақидаги масалаларда гап очилганда, ЖССТ вакили шунчаки индамай тураверди.

Шу сабабли ҳам Америка Хитойнинг ЖССТни беғараз қўллаб-қувватлаётганига ишонмайди. Бошқа тарафдан қараганда бу фикр билан АҚШ ўзи ёлғизланиб ҳам қолмоқда. Чунки бошқа мамлакатлар раҳбарлари томонидан ҳали Хитой—ЖССТ муносабатларига нисбатан эътирозлар янграмади. АҚШнинг ичкарисида эса кўпчилик Трампнинг ўзини айбламоқда. АҚШда президент сайловларига оз қолди. Эҳтимол, Трамп шу тахлит катта гапириш орқали ўзига сиёсий очко йиғишга уринаётгандир?

Унда ким айбдор?

Афсуски, буни биз ҳали билолмаймиз. Ахборот маконидаги телба-тескари гап-сўзлар бир-бирига зид келмоқда. Сиздириш кетидан яна сиздиришлар рўй беряпти, ҳукуматлар бир-бирига қарши ихтилофга бориб қоляпти. Хитой эса максимал даражада ёпиқ мамлакатдир.

Хитойга саволлар бисёр. Агар вирус кўршапалакдан одамга юқиши мумкинлиги ҳақидаги маълумот уларда пандемиядан бир неча йил аввал ҳам бўлган бўлса, унда нега шунчалик кеч ишга киришилди? Нега Хитой узоқ вақт мобайнида ЖССТни текширувларга яқинлаштирмади? Йўқолиб қолган шифокорлар-чи?

Ҳозирча бу саволларнинг бирортасига жавоб йўқ. Лекин исбот-далиллар ҳам мавжуд эмас. Демак, мамлакат ва унинг раҳбариятини айблашга асос йўқ.