Безгакка қарши мефлохин препарати қабул қилинганидан кейин клиник тадқиқотларгача бўлган синов вақтида коронавирусни 48 соатдан кейин кучсизлантира олиш хусусиятига эга эканлиги исботланди. Бу ҳақда Россия федераль тиббий-биологик агентлиги раҳбари Вероника Скворцова маълум қилган, деб ёзмоқда «РИА Новости».

Фпто: «Дарё»

Унинг сўзларига кўра, бунинг учун жуда кичик — миллилитр учун икки микрограмм доза юбориш лозим. Скворцованинг айтишича, дори ҳам профилактик, ҳам даволаш хусусиятига эга.

Мефлохин Россия Соғлиқни сақлаш вазирлигининг коронавирус инфекциясига чалинган беморларни даволашда тавсия қилган 13 та дори рўйхатига киритилган. Россия федераль тиббий-биологик агентлиги берган маълумотга асосан даволанаётган ўрта ҳолатдаги беморларнинг 78 фоизида ушбу препарат қўлланилганидан кейин клиник динамика, регресс ёки нафас йўлларидаги тўқималарнинг барқарор ишлаш ҳолатлари кузатилган.

Коронавирусга қарши вакцина ҳали ҳам яратилмаган ҳозирги шароитда турли хориж давлатлари, хусусан, Россияда ҳам олимлар уни ишлаб чиқиш устида бош қотирмоқда. Коронавирусни даволашда лицензияланмаган препаратлар ёки экспериментал даволаш усуллари, масалан, мефлохин ёки гидроксихлорохиндан фойдаланилмоқда.