Озарбайжонда коронавирус эпидемияси туфайли эълон қилинган карантин режими йил охиригача давом этиши мумкин. Бу ҳақда мамлакатдаги тезкор штаб аъзоси, республика тиббиёт ҳудудий бўлинмалари бирлашмасининг раиси Рамин Байрамлига асосланиб, «РИА Новости» хабар берган.

Фото: Armlink

«Озарбайжонда карантин режими 2020 йилнинг охирига қадар давом этиши мумкин. Одамлар шу йили карантин тартибида тиббий ниқоб тақиб, ижтимоий масофаланишга риоя қилиб ҳаёт кечиришга тайёр туриши керак», – деган у 15 май куни ўтказилган брифингда.

Байрамлининг сўзларига кўра, Озарбайжонда бир сутка ичида 101 нафар кишида коронавирус инфекцияси борлиги аниқланган, мамлакатда COVID-19 билан касалланганларнинг умумий сони 2980 нафарга етган.

«53 нафар бемор касалликдан тузалиб, стационар даволанишни якунлади, шу тариқа коронавирус инфекциясидан тузалганлар сони 1886 нафарни ташкил қилди. 1977 йилда туғилган бир нафар бемор инфекция оқибатида вафот этган. Озарбайжонда COVID-19 асоратлари туфайли ўлганлар сони 36 нафарга етган. Айни вақтда махсус режимдаги касалхоналарда 1058 нафар бемор тиббий кузатув остига олинган. Уларнинг 37 нафари оғир, 47 нафари ўрта, қолганлари эса қониқарли аҳволда», – деган Байрамли.

Ҳукумат расмийсининг айтишича, Озарбайжонда 15 май ҳолатига кўра коронавирусга қарши жами 220 минг 363 та тест ўтказилган. Мамлакатда коронавирус билан боғлиқ биринчи ўлим ҳолати 13 мартда кузатилган.

Аввал Озарбайжонда айрим чекловлар юмшатилиши, жумладан, парклар ва дам олиш марказларига чиқиш рухсат берилиб, бунда 10 нафаргача одам тўпланиши мумкинлиги, улар тиббий ниқобда бўлиши зарурлиги ҳақида маълум қилинган. Ресторан, кафе ва чойхоналар ҳам қайта иш бошлаган.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти бутун дунёда коронавирус инфекциясининг тарқалиши 11 март куни пандемия даражасига чиққанини эълон қилган. Бутун дунёда COVID-19 коронавирус инфекцияси билан касалланганларнинг умумий сони 4,4 миллиондан ошган, 300 минг нафардан кўпроқ бемор касаллик оқибатида вафот этган.