«Юксалиш» умуммиллий ҳаракати Сардоба сув омборида юзага келган тошқин оқибатлари ва уларни бартараф этиш мақсадида давлат бюджетидан ажратилган маблағлар тасвирланган инфографика билан бўлишди.

Фото: «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати

Унга кўра, Сардобадаги талафот оқибатида зарар кўрган электр тармоқларини қайта таъмирлаш учун 68 миллиард сўм ажратилади. Бундан ташқари, зарар етган хонадонларни таъмирлашга (1773 та уй) 123 миллиард сўм йўналтирилади, шунингдек, яна 3 та янги уй-жойлар даҳаси қурилади, унинг ичидан 1 та мактаб, 66 та уй, 1 та мактабгача таълим ташкилоти ҳамда битта қишлоқ оилавий поликлиникаси жой олади. Бундан ташқари:

  • аҳоли ҳужжатлари учун — 1 миллиард сўм;
  • ижтимоий соҳа объектларига — 85 миллиард сўм;
  • ичимлик суви тармоқларига — 163 миллиард сўм;
  • йўллар, кўприкларни таъмирлашга — 390 миллиард сўм;
  • ирригация ва мелиорация тармоқларига — 100 миллиард сўм;
  • алоқа ва коммуникация тизимлари — 13 миллиард сўм;
  • табиий газ тармоқларига — 22 миллиард сўм ажратилади.

Таъкидланишича, давлат бюджетидан ажратиладиган жами харажатлар 1,5 триллион сўмни ташкил этади.

15 май куни Президент Шавкат Мирзиёев сардобаликлар билан учрашувда сув тошқини оқибатида зарар кўрган уйлар давлат томонидан бепул таъмирлаб берилишини, уйлари зарарланган одамларнинг илгариги ҳовлилари ҳам ўзларида қолишини маълум қилган эди.

Бундан ташқари, шу куни сув тошқинидан жабр кўрган 4,5 мингдан ортиқ хонадон эгаларига 40 миллион сўмлик моддий ёрдам сертификати, маиший техника тўплами учун сертификат ва ичида пул маблағи бўлган банк карточкалари тарқатилиши маълум қилинди.