Хитойлик олимлар COVID-19 коронавирус инфекциясига қарши беш хил вакцинани 2,5 мингдан ортиқ кўнгиллиларда синаб кўрди, ишлар муваффақиятли давом этса, июль ойи охирида клиник синовларнинг иккинчи босқичи якунига етади. Бу ҳақда ХХР соғлиқни сақлаш масалалари давлат қўмитаси раҳбари Цзэн Исинь маълумотига асосланиб, «РИА Новости» хабар қилган.

Фото: The Guardian

«Айни вақтда аденовирус вектори асосидаги рекомбинат вакцина ва яна 4 та инактивация қилинган вакциналар бор, уларнинг барчасига Хитой озиқ-овқат маҳсулотлари ва дори воситалари давлат бошқармасидан рухсатнома олинган, биринчи ҳамда иккинчи босқичдаги клиник синовлар амалга оширилмоқда», — деган Цзэн Исинь.

Исиннинг сўзларига кўра, вакциналар тестида 2575 нафар кўнгилли иштирок этмоқда. Биринчи босқичнинг ўзида 539 нафар кишида клиник синовлар амалга оширилган. Тестларда қатнашганларнинг хавфсизлиги ва антитаналар хусусидаги маълумотлар жамланмоқда. Иккинчи босқичда эмлашлар 2036 нафар кўнгиллида амалга оширилади, айни вақтда вакцинанинг самарадорлиги ва хавфсизлигини баҳолаш бошланган.

«Клиник синовлар вақтида ҳозирга қадар акс таъсирлар бўлгани ҳақидаги маълумотлар келиб тушмаган. Режа бўйича ҳаммаси яхши ўтса, июль ойида клиник синовларнинг иккинчи босқичи якунланади», — деган ХХР расмийси.

Хитойда коронавирус қайта тарқала бошлагандан кейин иложи борича тезроқ унга қарши вакцина ишлаб чиқиш эҳтиёжи туғилган, хитойлик олимлар ва нуфузли компаниялар вакцинанинг бир йўла беш хилини яратиш устида ишларни бошлаган: рекомбинант субягона вакцина, инактивация қилинган вакцина, аденовирус вектори асосидаги вакцина, нуклеин кислоталар асосидаги ҳамда тирик аттенурация қилинган гриппоз вакцина.

Аввал ХХР касалликлар назорати ва профилактикаси маркази раҳбари Гао Фу технологик ишлаб чиқаришнинг нормал режаси бўйича вакцина 2020 йил охири 2021 йил бошларида тайёр бўлишини маълум қилганди.