Асли ўзбекистонлик бўлган бизнесмен Алишер Усмонов Буюк Британия аҳолиси орасидаги энг бадавлат инсонлар рўйхатида бир поғона юқорилади. Рейтинг Sunday Times газетаси томонидан тузилган.

Фото: «РИА Новости»

Коронавирус пандемиясидан сўнг эълон қилинган мазкур рейтингда Усмонов еттинчи ўринга кўтарилган. Sunday Times маълумотларига кўра, Алишер Усмоновнинг бойлиги 11,68 миллиард еврога (14,16 миллиард доллар) етган. 2019 йилда ушбу кўрсаткич 13,73 миллиард долларни ташкил этганди.

Рейтингнинг дастлабки йигирматалигидан икки нафар россиялик ҳам ўрин олган. 11-ўринни Михаил Фридман 12,4 миллиард доллар билан эгаллаган бўлса, ундан кейинги поғона Роман Абрамовичга (12,31 миллиард доллар) насиб этган.

Forbes журналининг апрель ойидаги энг бой россияликлар рейтингида ҳам бизнесменлар худди шу тартибда жойлашган эди.

Буюк Британиянинг энг бой инсони сифатида жорий йилда биринчи бор ихтирочи ва Dyson Ltd. компанияси асосчиси Жеймс Дайсонга насиб этди. Индустриал дизайнер, вакуум пилесос ва қўлни гигиеник қурутувчи қурилмани яратган Дайсоннинг бойлиги 19,64 миллиард долларга етган. Нашрнинг таъкидлашича, сўнгги бир йил Дайсон учун омадсиз келган. Хусусан, у электромобиль лойиҳаси учун пул тикиб, 606 миллион долларидан айрилган.

Дайсоннинг биринчи ўринга кўтарилишига Hinduja Group асосчилари ака-ука Сри ва Гопи Ҳиндужаларнинг бир йил давомида 7,27 миллион доллар йўқотгани сабаб бўлган. Асли мумбайлик бўйган бизнесменларнинг бойлиги 19,39 миллиард долларга баҳоланган.

Рейтингнинг учинчи поғонасини кўчмас мулкка инвестиция киритиш билан шуғулланувчи ака-ука Девид ва Саймон Рейбенлар эгаллади — 19,39 миллиард доллар. Уларнинг бойлиги бир йил ичида 2,42 миллиард долларга камайган.

Sunday Times’нинг ёзишича, Буюк Британиянинг энг бадавлат минг нафар фуқаросининг бойлиги 2008—2009 йиллардаги молиявий инқирозга қарамай ўсишни давом этган, бироқ коронавирус инфексиясига боғлиқ карантин уларга жиддий зарар етказмай қолмади. Умумий йўқотиш 65,45 миллиард долларга тенг.

Эслатиб ўтамиз, миллиардер Алишер Усмонов Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги «Меҳр-шафқат ва саломатлик» фондига 20 миллион доллар ўтказиб бергани, бу пуллар Тошкент вилоятининг Зангиота туманидаги карантин учун махсус касалхонани тиббий асбоб-ускуналарни таъминлашга сарфланиши ҳақида хабар берилган эди. Президент Шавкат Мирзиёев 3 апрель куни коронавирус тарқалиши ва унинг оқибатларига қарши кураш масалаларига бағишланган видеоселекторда Алишер Усмоновнинг Ўзбекистонга кўрсатаётган ёрдами ҳақида тўхталиб ўтди ҳамда бунинг учун унга миннатдорчилик билдирган эди.