АҚШ Ҳарбий-ҳаво кучлари номаълум учар жисмлар билан боғлиқ бир нечта ҳисоботни эълон қилди. Ҳисоботларда учувчилар номаълум учар жисмлар (НУЖ) билан бўлган учрашувлар ҳақида ҳикоя қилган. Бу ҳақда The New York Times хабар берди.

Фото: CNN

Ҳисоботлар The New York Times томонидан жўнатилган сўровга жавобан тақдим этилган. Ҳисоботларда 2013 йил 27 июндан 2019 йил 13 февралгача бўлган оралиқда содир бўлган саккизта учрашув ҳақида гап боради. Учрашувларнинг бир нечтасида номаълум учар жисмлар учувчиларга жуда яқин масофада қайд этилган.

НУЖлар билан содир бўлган ҳодисалар ҳақида аввал ҳам хабарлар берилган. Бироқ мазкур ҳисоботларда айнан учувчилар билан юз берган «хавфли вазиятлар» ҳақида сўз боради.

Маълум қилинишича, 2014 йилнинг 26 март куни Атлантика океани устида, Виржиния-Бич шаҳри яқинида кумушранг, ўлчами чамадондек келадиган объект аниқланган. Радарнинг кўрсатишича, бу жисм самолётларнинг биридан 305 метр узоқликда учиб ўтган.

Бир нечта ҳодисада «Теодор Рузвельт» авиаташувчисининг ҳарбий эскадрилиялари иштирок этган. F/А-18 Super Hornet қирувчисининг собиқ учувчиси лейтенант Райан Грейвснинг сўзларига кўра, у 2019 йилда Виржиния-Бич шаҳри яқинида ичида куб бўлган сферани эслатувчи объектни кўрган.

Яна бир ҳодиса 2013 йил 27 июнда содир бўлган. Қайд этилишича, номаълум учар жисм оқ рангда ҳамда ўлчами ва шакли бўйича дронга ёки ракетага яқин бўлган. Бироқ ўша куни бу ҳудудда ҳеч қандай дрон ёки ракета учирилмаган.

Апрель ойининг охирида Пентагон ўз расмий сайтида номаълум учар жисмлар парвози акс этган видеоларни эълон қилди. АҚШ Мудофаа вазирлигининг маълум қилишича, учта видеороликнинг биттаси 2004 йилда тасвирга туширилган, қолган иккита видео эса 2015 йил январида олинган. Кейинроқ россиялик учувчи Пентагон эълон қилган мазкур видеоларни таҳлил қилганди.