Андижон вилоятининг Балиқчи туманида 16 май, шанба куни одам ўлими билан якунланган йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлди. Бу ҳақда ЙҲХББ хабар бермоқда.

Фото: ЙҲХББ

Ҳодиса «Қияли» МФЙ ҳудудидан ўтган 4Р-112 Фарғона ҳалқа йўлининг 114-километрида юз берган. 1961 йилда туғилган Э.Р. Lacetti тезлигини меъёридан оширган ҳолатда бошқараётиб, олдиндаги автомобилни қувиб ўтиш мақсадида қарама-қарши йўналишга чиққан. Lacetti қаршисидан ўз йўналишида ҳаракатланиб келаётган 1994 йилда туғилган Б.М. бошқарувидаги «ВАЗ-2102» билан тўқнашув содир этган.

Тўқнашув оқибатида «Жигули» ҳайдовчиси 26 ёшли Б.М. шифохонада вафот этган. Lacetti ҳайдовчиси 59 ёшли Э.Р. тан жароҳати олиб шифохонага ётқизилган.

Фото: ЙҲХББ

Мазкур ЙТҲ юзасидан Балиқчи тумани ИИБ ТБ томонидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Жорий ҳафта давомида одам ўлими билан якунланган бир нечта ЙТҲ юз берди. 11 май куни Сурхондарёнинг Шўрчи туманида Lacetti мотороллерга урилиши оқибатида 38 ёшли мотороллер ҳайдовчиси, Тошкент вилоятининг Чиноз туманида Isuzu автобуси велосипедчини уриб юбориши оқибатида 33 ёшли велосипедчи, 12 май куни Бухоронинг Ромитан туманида трактор тиркамаси ағдарилиб кетиши оқибатида 33, 34 ва 38 ёшли аёллар, Хоразмнинг Янгибозор туманида Matiz уриб юбориши оқибатида 4 ёшли бола, 13 май куни Андижоннинг Булоқбоши туманида «Камаз» уриб юбориши оқибатида 30 ёшли велосипедчи, Қашқадарёда Nexia дарахтга урилиши оқибатида 57 ёшли йўловчи, Хоразмнинг Урганч шаҳрида Cobalt ва Spark тўқнашуви оқибатида 23 ёшли ҳайдовчи, 14 май куни Қашқадарёнинг Қарши туманида фургон уриб юбориши оқибатида 25 ёшли пиёда, 16 май куни Сурхондарёнинг Қумқўрғон туманида «Камаз» уриб юбориши оқибатида 65 ёшли аёл вафот этди.