АҚШ президенти Дональд Трамп Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотини молиялаштиришни қисман тиклаши мумкин. Бу ҳақда ЖССТ раҳбари Тедрос Гебрейесусга юбориш режалаштирилган хатнинг қораламасини қўлга киритган Fox News хабар бермоқда.

Фото: Reuters

«ЖССТнинг камчиликларига қарамай ташкилот ҳанузгача улкан салоҳиятга эга, деб ҳисоблайман ва мен ушбу потенциални, айниқса, ҳозирги глобал инқироз даврида амалга оширишини истайман», — дейилади хатда.

Дональд Трамп ЖССТни молиялаштиришни тўхтатишини 15 апрель куни эълон қилганди. Президент ташкилотни коронавирус тарқалишига ўз вақтида етарлича эътибор қаратмаганликда айбламоқда, бу эса ўз навбатида касалликнинг янада кенг тарқалишига сабаб бўлган.

Трамп буни эълон қилганидан бир ҳафта ўтганидан кейин Хитой ЖССТга қўшимча 30 миллион доллар ажратишини эълон қилган. 2018—2019-молиявий йилда ташкилотга АҚШ томонидан қарийб 900 миллион доллар маблағ ажратилган, Хитой эса ушбу давр мобайнида 85 миллион доллар берган.

АҚШ давлат котиби Майкл Помпео эса Fox News телеканалига берган интервьюсида Америка ЖССТни молиялаштириш масаласига бошқа қайтмаслиги мумкинлигини билдирганди. БМТ бош котиби Антониу Гутерриш эса Трампнинг ушбу қарорини нотўғри вақтда қабул қилинган, деб баҳолаган.

8 май куни ЖССТ COVID-19 коронавирусининг тарқалишига тайёргарлик кўриш ва унга қарши ҳаракат қилиш бўйича стратегик режасини янгилади. Ушбу режани амалга ошириш учун 1,7 миллиард доллар керак бўлиши айтилган.

ЖССТ раҳбарига юбориладиган хатда айтилишича, Трамп уни молиялаштиришни тиклашга рози, фақат Хитой ташкилотга қанча маблағ ажратаётган бўлса, шунча миқдорда пул ажратади. Агар Хитой ЖССТни молиялаштириш миқдорини оширса, АҚШ ҳам уни ошириш имкониятини кўриб чиқиши таъкидланган.