Доғистонда 40 нафардан ортиқ шифокор пневмония ва коронавирус инфекцияси оқибатида вафот этди. Бу ҳақда республика соғлиқни сақлаш вазири Жамалудин Гажиибрагимов блогер Руслан Курбанов билан онлайн тарзда ўтказилган интервью вақтида маълум қилди.

Фото: «РИА Новости»

Унинг сўзларига кўра, республикада ҳозирга қадар 13 697 кишида коронавирус ва пневмония (касалхонадан ташқарида юқтирилган) қайд этилган. Стационарларда 7 мингдан ортиқ одам даволанмоқда. Шифохонадан ташқарида юқтирилган пневмония оқибатида бутун республика бўйлаб 657 киши вафот этган.

Текзор штабнинг 16 май кунги маълумотларига кўра, Доғистонда 3280 кишида коронавирус аниқланган ва 27 киши вирус қурбонига айланган. Республика Россия минтақалари орасида касаллар сони бўйича 5-ўринни эгаллаган.

Курбановнинг нима сабабдан икки хил статистика юритилаётгани, коронавирус ва пневмония билан касалланганлар нега алоҳида ҳисобланаётгани тўғрисидаги саволига вазир «аслида бундай эмас» деб жавоб қайтарган.

Соғлиқни сақлаш вазирининг айтишича, республикада касаллик ҳолатларини аниқлаш бўйича лаборатория тадқиқотлари билан дастлаб Роспотребнадзор бўлинмаси шуғулланган. «Кейинроқ Соғлиқни сақлаш вазирлигига қарашли лабораториялар ҳам қўшилди. Бироқ пневмония билан фақат Роспотребнадзор бўлинмаси шуғулланган», — дейди Гажиибрагимов.

Вазирнинг сўзларига кўра, касалхонадан ташқарида пневмония билан касалланганлар ҳам худди COVID-19’га чалинганлар каби даволанмоқда. У коронавирус ва пневмонияга чалинганлар орасида фарқ йўқлиги таъкидлаб ўтган.

Россияда 16 май ҳолатига кўра, сўнгги суткада 119 киши коронавирусдан вафот этиб, қурбонлар сони 2 537 кишига етган.