Италия ҳукуматининг 3 июндан бошлаб бир томонлама тартибда чегараларни очиш тўғрисидаги қарори Европа Иттифоқининг бирдамлик борасидаги ғояларига мос келмайди. Бу ҳақда Франция ички ишлар вазири Кристоф Кастанерга таяниб, Figaro хабар берди.

Фото: «IB.ua»

«Италиянинг бугун эрталаб эълон қилган бир томонлама қарори биз биргаликда бажаришимиз керак бўлган ишларга мос келмайди», — дейди Кастанер. Унинг сўзларига кўра, Европа Иттифоқи давлатлари учун қарорларни Европа даражасида мувофиқлаштириш имконияти жуда муҳим аҳамиятга эга.

Шу билан бирга, Кастанер дам олиш кунлари Италия ТИВ раҳбари Лучано Ламоржезе билан ушбу масалани муҳокама қилишини қайд этган.

Италия Вазирлар кенгашининг қарорига кўра, 3 июндан бошлаб мамлакат ташқи чегаралари очилади ва коронавирус пандемияси сабаб жорий этилган чекловлар доирасида тўхтаб қолган минтақалараро ҳаракатларга рухсат берилади. Шунингдек, 18 майдан бошлаб Италияда провинциялар ичида ҳаракатланишга қўйилган тақиқ бекор қилинади. Бундан ташқари, Италияда футбол клубларига 18 майдан гуруҳ бўлиб машғулот ўтказишга рухсат берилади.

Италия Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 16-кунги маълумотларига кўра, мамлакатда коронавирус билан касалланганлар сони 224 минг кишидан ошган. Уларнинг ярмидан кўпи — 122,8 минг бемор соғайиб кетган. Ҳозирга қадар 31,7 минг киши COVID-19 қурбонига айланган.