Кўплаб касалликларга нисбатан ўлим даражаси кўрсаткичини баҳолаш мураккаб масала ҳисобланади ва бу COVID-19 коронавирус инфекциясига ҳам тааллуқли. Бу ҳақда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг Россиядаги ваколатхонасига таяниб, «РБК» хабар берди.

Фото: Reuters

«COVID-19’дан вафот этиш ҳолатлари ва якуний ўлим кўрсаткичларини баҳолаш учун ўлим ҳақидаги глобал маълумотлар кўпроқ ўрганилишини кутиш керак», — дейилади ЖССТ хабарида.

«Умуман олганда кўплаб касалликлар борасида ўлим кўрсаткичини баҳолаш мураккаб вазифа ҳисобланади. Масалан, ЖССТ қўшимча ўлим ҳолатларини баҳолашда гриппга оид бўлган глобал ҳисоботларни моделлаштиришдан фойдаланади. Бу грипп оқибатида вафот этаётган ҳар бир инсон вирус учун тестдан ўтказилмагани билан боғлиқ», — дея маълум қилади ЖССТ.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти бу каби изоҳни Bloomberg’да «Экпертлар савол бермоқда, нима учун коронавирус кўплаб россияликларни ўлдирмади?» сарлавҳаси остида чоп этилган мақолага нисбатан билдирган.

Bloomberg мақоласида келтирилишича, COVID-19 оқибатида юзага келаётган ўлим даражаси Россияда 0,9 фоизни ташкил этмоқда — бу касалликка чалинганлар сони кўп бўлган давлатлар орасида энг паст кўрсаткич ҳисобланади. Мақолада таъкидланишича, ЖССТ Россия ҳукумати билан коронавирус оқибатида юзага келган ўлим ҳолатларининг расмий статистикаси бўйича «музокалар» олиб бормоқда.

Аввалроқ The New York Times Москва ва Россиянинг бошқа ҳудудларида коронавирус оқибатида вафот этаётганлар сони расмий статистикадан кўп бўлиши мумкинлиги ҳақида мақола чоп этган. Хусусан, газета мустақил демограф Алексей Рашкиннинг сўзларини келтириб ўтган. Рашкин Москвада коронавирус қурбонларининг қарийб 70 фоизи рўйхатга олинмаётгани, Россиянинг бошқа минтақаларида ушбу кўрсаткич 80 фоизга тенглигини маълум қилган.

16 май ҳолатига кўра, Россияда (85 та федерал ҳудудда) SARS-CoV-2 коронавируси инфекцияси билан касалланганларнинг умумий сони 262 843 нафарга етган, вирус қурбонларининг умумий сони эса 2400 кишидан ошди.