Пуэрто-Рико губернатори Ванда Васкес Гардес мамлакатнинг якуний мақомини белгилаш ва АҚШ таркибида қўшилиш тўғрисидаги референдумни ўтказишга оид қонун лойиҳасини имзолади.

Фото: AP Photo

Мазкур қонун лойиҳасига кўра, овоз бериш жараёнлари 3 ноябрь кунига — оролдаги умумий сайловлар кунига белгиланган.

«Пуэрто-Рикода истиқомат қилаётган 3,2 миллион Америка фуқаросига энг охирги навбатда бўлишдан воз кечиш вақти келди. Тўлиқ тенглик!», — деб ёзади губернатор ўзининг Twitter’даги саҳифасига.

Ҳозирда Пуэро-Рико АҚШ бошқаруви остидаги орол бўлса-да, унинг ажралмас қисми ҳисобланмайди. Америка Конституцияси унинг ҳудудида чекланган. Конгрессда Пуэрто-Рико номидан биргина делегат мавжуд бўлиб, унинг овоз бериш ҳуқуқи йўқ. У президент сайловларида иштирок эта олмайди.

La nacion’нинг ёзишича, овоз бериш бланкасида биргина савол бўлади — Пуэрто-Риконинг АҚШ таркибига зудлик билан қўшилиши ҳақида. Нашрнинг таъкидлашича, оролнинг Қўшма Штатлар ҳудудига қўшилиши борасидаги рефендум натижаларини, хусусан, конгресс ҳам тасдиқлаши керак.

2020 йилнинг январида президентлик сайловлари пойгасига қўшилган Нью-Йорк собиқ мэри Майкл Блумберг Пуэрто-Рикони АҚШнинг 51-штатига айлантириш борасидаги қонун лойиҳасини ишлаб чиқишга ваъда берганди. Март ойида эса Блумберг президентлик сайловларида иштирок этишдан воз кечган.

2018 йилда конгрессга Пуэрто-Рикони 51-штат сифатида қўшиб олиш тўғрисидаги қонун лойиҳаси киритилган. У тасдиқланадиган бўлса, Америка ҳукумати оролга нисбатан бунгача қабул қилинган қонунларни бекор қилиши ва Пуэрто-Риконинг АҚШга қўшилишини 2021 йил 1 январдан кечиктирмай эълон қилиши керак бўлади.

Янги референдум Қўшма Штатлар таркибига қўшилиш учун сўнгги саккиз йил ичида ўтказилган учинчи овоз бериш жараёнига айланиши мумкин. 2017 йилда кўпчилик АҚШ таркибига қўшилишни ёқлаган. Бироқ Демократлар партияси бунга қарши чиққанди. Яна бир референдум 2012 йилда ўтказилган. Ўшанда Америка штати мақоми учун 61 фоиз Пуэрто-Рико аҳолиси овоз берган. Аммо мазкур қарорга Республикачилар партияси қарши чиққан.