Россияда ўтган бир сутка ичида 9709 кишида коронавирус аниқланди. Шундай қилиб, мамлакатда кетма-кет иккинчи кун касалланиш бўйича янги ҳолатлар 10 мингдан паст кўрсаткични қайд этмоқда.

Фото: «ТАСС»

Коронавирусга қарши кураш бўйича тезкор штабнинг маълумотларига кўра, 42,4 фоиз ҳолатда (4116 киши) касалликнинг клиник белгилари қайд этилмаган. Бундан олдинги куни Россияда 9200 кишида COVID-19 аниқланган эди, бу 2 майдан буён қайд этилган энг минимал кўрсаткич ҳисобланади.

Бутун мамлакат бўйлаб коронавирусга чалинганлар сони 281 752 кишини ташкил этмоқда. Ушбу кўрсаткич билан Россия энг кўп касаллар сони бўйича дунёда иккинчи ўринда турибди (АҚШдан кейин).

Шунингдек, ўтган бир сутка давомида мамлакатда 4207 киши соғайган. Касалланиш ҳолатларининг қайд этилиши борасида Москва етакчилик қилмоқда — бир суткада 3855 ҳолат. Бундан ташқари, мамлакатнинг қуйидаги минтақаларида ҳам COVID-19’га чалинганлар аниқланган:

  • Москва вилояти — 907;
  • Санкт-Петербург — 451;
  • Нижегородск вилояти — 281;
  • Сведрлов вилояти — 160;
  • Саратов вилояти — 121;
  • Ханти-Манси автоном округи — 118;
  • Ростов вилояти — 115;
  • Красноярск ўлкаси — 114;
  • Уляновск вилояти — 101 та ҳолат.

Аввалроқ Доғистонда 40 нафардан ортиқ шифокор коронавирус ва пневмония оқибатида вафот этгани маълум қилинганди.