Хитойда охирги бир сутка ичида COVID-19 коронавирус инфекциясига чалиниш бўйича 5 та янги ҳолат қайд этилди. Бу ҳақда ХХР Соғлиқни сақлаш масалалари бўйича миллий комиссияси хабар қилган.

Фото: The Washington Post

Идоранинг аниқлик киритишича, 3 та ҳолатда касалланганлар локал, яъни Хитой ҳудудининг ўзида — Цзилинь провинциясида яшовчи фуқароларда қайд этилган. Яна 2 та ҳолатда беморлар коронавирусга хориждан чалиниб қайтган. Касалланганлар Ички Монголия ва Тяньцзин шаҳрида аниқланган.

Шунингдек, Шанхай ва Ички Монголияда ҳам икки нафар киши коронавирусга чалинганлик гумонида шифокорлар назоратига олинган.

Бир сутка ичида 8 нафар бемор COVID-19’дан тузалган. Инфекция аниқланган одамлар билан мулоқотда бўлган жами 633 киши тиббий назоратдан чиқарилган.

16 май ҳолатига кўра, Хитойнинг 31 та провинциясида жами 86 нафар кишида коронавирус инфекцияси борлиги маълум қилинган. Хитойда эпидемия бошланганидан бери 82 947 та ҳолат рўйхатга олинган, 78 227 нафар бемор коронавирусдан тузалган, 4634 киши COVID-19’дан вафот этган.

Жанубия Кореяда бир сутка ичида COVID-19 коронавирус инфекциясига чалиниш бўйича 19 та янги ҳолат аниқланган, мамлакатда касалланганларнинг умумий сони 11 050 нафарга етган, дея хабар берган Корея Соғлиқни сақлаш вазирлиги қошидаги касалликлар назорати ва профилактикаси марказлари ташкилотига таяниб, «РИА Новости».

KCDC 16 май куни эълон қилган маълумотга асосан, 13 та ҳолат локал ҳисобланиб, яна 7 таси хориждан қайтган фуқароларда қайд этилган. Географик таҳлил қилинганда 5 та касалланиш Сеулда кузатилган, 4 нафар бемор карантин ҳудудларида, қолганлар эса мамлакатнинг бошқа ҳудудларида назоратга олинган.

Бир сутка ичида касалхоналардан жами 37 нафар COVID-19’дан тузалган бемор чиқарилган, мамлакатда тузалганларнинг умумий сони 9888 нафарга етган, соғайиш бўйича кўрсаткич 89 фоизни ташкил қилади. 17 660 нафар кишидан олинган таҳлиллар қайта ишланмоқда, Жанубий Кореяда коронавирусга 718 мингта тест амалга оширилган.

Сутка давомида COVID-19 қурбонларининг сони ўзгармади ва 262 нафарни ташкил қилмқода, шундан 181 нафар бемор Тэгуда, яна 54 нафари Кёнсан-Пукто вилоятида, 16 нафари эса Кёнгидо провинциясида вафот этган. Яна 2 нафар бемор Канвондода, уч нафар бемор Пусанда ва 4 киши Сеулда касалликдан ўлган. Ульсан ва Тэжонда ҳам биттадан бемор ҳаётдан кўз юмган.

Жанубий Корея 6 майдан бошлаб фақат эҳтиёткорлик ва профилактика чораларига риоя қилишни кўзда тутувчи «кундалик ҳаётдаги карантин» режимига ўтиб, мактаб ва жамоат муассасалари одатий фаолиятига қайта бошлаганди. Жанубий Корея ҳукумати COVID-19’га чалинганларнинг ҳаммасини топиш ва эпидемиянинг иккинчи тўлқини бўлмаслигини таъминлаш учун керакли чораларни амалга оширишга интилмоқда. Ҳукумат клублар ва кўнгилочар масканларни 7 июнгача ёпишни тавсия қилган. Клублар ва бошқа оммавий жойларда бўлган кишилар эса мобил алоқа воситасида, кузатув камералари, банк карталари орқали кузатувга олинган.