Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ёпиқ биноларни аэрозоллар билан дезинфекциялаш коронавирусга қарши кураш учун нафақат фойдасиз, балки инсон соғлиғига жиддий зарар етказиши мумкинлигини маълум қилди.

Фото: Pixabay

Ташкилот ҳисоботида таъкидланишича, коридорлар, кабинет ёки бошқа биноларни дезинфекциялаш кўзга зарар етказиши, нафас олиш органлари ва тери қопламаларининг қичишишига олиб келиши мумкин.

«Ҳеч қандай ҳолатда пуркаш тавсия этилмайди. Бу инсон саломатлигига зарар етказиши мумкин ва вирусни юқтирган одам томонидан ҳаво томчилари ёки тўғридан-тўғри алоқа орқали тарқалишини камайтирмайди», — дейилади ҳужжатда.

ЖССТ бинолар ичини тозалашда дезинфекция воситалари билан шимдирилган оддий латтадан фойдаланишни тавсия қилади.

«Ушбу ёндашув билан тозалаш сифати кафолатланади, чунки ҳамма нарса қўлда амалга оширилади ва ҳар бир зона қайта ишланади», — дея таъкидланади ҳисоботда.