АҚШ Планетар тадқиқотлар маркази олимлари Марс сайёрасида колониячилар учун кенг, иссиқ, энг муҳими — метеорит ва радиациялардан ҳимояланган бошпана қуриш мумкин бўлган ҳудудни топди, деб хабар беради Life Science.

Фото: Hi-News

Экспертларнинг огоҳлантиришича, колониячилар ҳаёт учун мунтазам хавф туғдирадиган шароитда ишлашига тўғри келади. NASA сув, озиқ-овқат ва кислородга боғлиқ муаммони ечишни ўрганиб олган бўлса-да, радиация — қийин масала. Ундан турар жой модулларини тўлиқ ҳимоя қилиш осон эмас.

Хавфсиз бошпана яратиш бўйича янги тадқиқот муаллифлари Марснинг ўзига хос ландшафтидан фойдаланишни таклиф этмоқда, яъни сайёранинг энг чуқур водийси — Эллада теккислигида колония қуришни.

«Унинг бир қатор афзалликлари бор. Биринчидан, зич атмосфера қатлами сабаб радиация даражасининг нисбатан камлиги — тепаликларга қараганда 50 фоизга кам. Иккинчидан, текисликнинг шимоли-шарқида Адриатика тоғи жойлашган — сўнган вулқоннинг нотекис қотиб қолган лаваларидан ҳосил бўлган кўплаб бўшлиқлар мавжуд», — дея аниқлик киритади олимлар.

Олимларнинг ҳисоблашича, ушбу тешиклар ичида яшаш орқали колонияда яшовчилар кунига 61,64 мкЗв/кун қабул қилади, бу тишни бир кунда бир неча бор рентгенга туширишдек гап. Бу эса текислик юзасидагидан 5 баробарга кам.

«Шунингдек, улар микрометеоритлардан, ҳарорат ўзгариши ва Марс чангидаги потенциал хавфли моддалардан ҳимоя қилади», — дейди олимлар.