Хитой ҳукумати Ухань шаҳридаги 2019 йилнинг декабрида биринчи бор коронавирус тарқалган лабораторияни текширувдан ўтказди. Бу ҳақда ҳукуматнинг коронавирусга қарши кураш бўйича етакчи маслаҳатчиси Чжун Наньшаньга таяниб, CNN телеканали хабар берди.

Фото: AFP

Унинг сўзларига кўра, февраль ойининг бошлари Хитойнинг касалликларни назорат қилиш органлари Ухандаги вирусология институти лабораториясини текширишга икки ҳафта вақт сарфлаган. Улар касалликнинг тарқалишига сабаб бўлиши мумкин бўлган қоидабузарликларни қидирган. Бироқ ҳеч қандай исбот топилмаган.

Наншаннинг айтишича, у Ухань институтида ишлайдиган вирусолог дўсти Ши Чжэнли билан бу борада суҳбатлашган. У вируснинг лабораториядан тарқалиш эҳтимоллиги ҳақида ўз фикрини билдирган. «Унинг айтишича, бу мутлақо бемаъни нарса бўлиб, у ҳеч қачон бундай иш қилмаган. Чжэнлининг сўзларига кўра, ўзларида бор қурилмалар ва ишчи кучи ҳисобга олинадиган бўлса, у вақтда ҳеч қандай сунъий вирусни яратиш имконияти бўлмаган», — дейди маслаҳатчи.

Наньшань яна бир бор маҳаллий ҳукумат аввал бошида касаллар ва содир бўлган ҳодиса кўламини камайтириб кўрсатишга уринганини тасдиқлаган. Унинг сўзларига кўра, шубҳа Уханда коронавирусга чалинганлар сони 10 кун давомида кетма-кет ўзгаришсиз қолганидан сўнг, пайдо бўлган. Бу вақтга келиб эса инфекция Хитойдан ташқарида ҳам тарқалишга улгурган.

20 январь куни Чжун Наньшань биринчилардан бўлиб Хитой марказий телевидениеси орқали COVID-19 коронавирус инфекцияси инсондан инсонга юқишини маълум қилганди.

Апрель ойининг ўрталарида Fox News телеканали коронавируснинг Уханда лаборатория шароитида яратилганини тахмин қилганди. Дональд Трамп ҳам коронавирус лабораторияда яратилганини исботловчи далиллари борлигини билдирган. АҚШ давлат котиби Майкл Помпео Хитой касаллик тарқалиши юзасидан муҳим ахборотга эга бўлгани, аммо уни ўз вақтида ошкор қилмаганини айтган.

Бунга жавобан ЖССТ АҚШ коронавирус лабораторияда яратилгани тўғрисида ҳеч қандай маълумот тақдим этмаганини, коронавирус Хитой лабораторияларида пайдо бўлгани тўғрисидаги баёнотни спекулятив деб айтган.