Андижон шаҳридаги «Регистон» сайилгоҳида дрондан рухсатномасиз фойдаланиб, клип олмоқчи бўлган операторга суд ҳукми ўқилди. Бу ҳақда «Дарё»га Жиноят ишлари бўйича Андижон вилоят суди раиси ёрдамчиси Комроншоҳ Расулов хабар берди.

Маълум бўлишича, судланувчи Л.А. 2020 йил 29 январь куни соат 13:00 ларда Андижон шаҳридаги «Ғайрат» маҳалласида жойлашган «Регистон» сайилгоҳи ҳудудида ҳеч қандай рухсатномасиз Хитойда ишлаб чиқарилган учувчисиз учадиган аппарат (дрон)да суратга олиш ишларини амалга оширмоқчи бўлган пайтда ИИБ ходимлари томонидан ушланган.

Судья Камолиддин Шаҳобиддиновнинг айтишича, судланувчи Л.А. судда айбига тўлиқ иқрор бўлиб, шаҳардаги видеостудиялардан бирида оператор бўлиб ишлашини билдирган.

«2020 йил 28 январь куни Ҳаётбек исмли шахс менга қўнғироқ қилиб, қўшиқ учун клип суратга олмоқчи эканлигини айтди ва дронда бир нечта саҳналарни тасвирга олиб беришимни сўради, — дейди судланувчи Л.А. — Шу куни у билан ‘Янги бозор’ ҳудудида кўришдик. Кўришганимизда у тасвирга олиш ишлари ‘Регистон’ сайилгоҳида бўлишини билдирди. Мен унга бунинг учун рухсатнома кераклигини айтдим. У рухсатнома олишини билдирди. Кейин хизмат ҳақини 100 доллар, деб келишдик. Эртасига ёрдамчим билан дронни олиб белгиланган жойга бордик. Шунда Ҳаётбек ўша ердаги миноранинг тепасидан сайилгоҳни тасвирга олишим лозимлигини айтиб, келишилган пулнинг ярмини берди. Энди ишни бошлайман деб турганимда эса ўзини ИИБ ходимлари деб таништирган шахслар келиб, дронимни баённома асосида олиб қўйишди. Ҳаётбек рухсат олиб бераман, дегани учун клип олишга рози бўлгандим. Суддан енгиллик берилишини сўрайман».

Суд фуқарони Жиноят кодексининг 244-4-моддаси 1-қисми (Учувчисиз учадиган аппаратларни қонунга хилоф равишда олиб кириш, ўтказиш, олиш, сақлаш ёки улардан фойдаланиш) билан айбдор деб топиб, унга уч йил озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлади. Бироқ тегишли моддаларга асосан озодликдан маҳрум қилиш жазоси алмаштирилиб, бир йил синов муддати белгиланди.

Судланувчига тегишли бўлган дронни махсус рухсатномага эга бўлган ташкилотга сотиш орқали давлат фойдасига ўтказилди.