Гонконг университетининг профессор Юэн Квок-Юн бошчилигидаги микробиологлари оғмахонларда тажриба ўтказиб, тиббий ниқоб коронавирусга чалиниш эҳтимолини 40 фоизга камайтиришини исботлади, деб хабар беради Esquire.

Фото: Legion Media

Коронавирус эпидемияси бошланганидан буён Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) экспертлари ва кўплаб халқаро мутахассислар тиббий ниқобларнинг вирусдан ҳимоя қилишига шубҳа билан қараётган эди. Шифокорлар вируснинг ҳавода қолиб кетган кичик зарралар — аэрозоллар орқали тарқалиб, улар ниқоб қатламидан осонлик билан организмга тушади, деб ҳисоблаётган эди.

Бироқ гонконглик олимларнинг тажрибаси ниқобларга жиддий ҳимоя воситаси сифатида ёндашиш имконини беради.

Тадқиқотчилар тилларанг оғмахонларни қафасга қамаб қўйди. Касалланган жониворлар соғломларидан тешикли тўсиқлар билан ажратилди. Вентилятор эса касалликни юқтиришга ёрдам берди.

Биринчи босқичда вирус заррачаларининг оғмахонлар организмига тушишига ҳеч нарса халал бермади. Натижада 12 та соғлом оғмахондан 8 таси коронавирусни юқтирди.

Иккинчи босқичда касалланган оғмахонлар турган жой ниқоб билан тўсиб қўйилди. Натижада 12 та соғлом жонивордан 2 таси касалликни юқтирди.

Учинчи босқичда эса ниқоб соғлом оғмахонлар турган томонга қўйилди. Натижада эса тўртта оғмахонга коронавирус юқди.

Олимларнинг фикрича, ушбу тажриба касалланганлар соғлом инсонларга вирус юқтирмаслик учун ниқоб тақиш кераклигини тасдиқлайди. Бироқ коронавирус айрим ҳолларда симптомларсиз кечаётгани инобатга олинса, ҳамма бирдек ниқоб тақиб юриши шарт, дейди олимлар.