АҚШ президенти Дональд Трамп Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотидан ўз фаолиятига ўзгартириш киритишни ва Хитойдан мустақил эканлигини 30 кун давомида исботлашини талаб қилди. Агарда ташкилот мазкур талабларни бажармаса, Вашингтон ЖССТни молиялаштиришни бутунлай тўхтатади. Бу ҳақда Трампнинг ЖССТ раҳбари Тедрос Гебрейесусга ёзган мактубида сўз боради.

Фото: Reuters

АҚШ молиялаштиришни тўхтатишдан ташқари, ташкилотга аъзолигини ҳам бекор қилади. «Мен америкалик солиқ тўловчиларнинг долларларини ҳозирги аҳволда Америка манфаатларини ифода этмайдиган ташкилотни молиялаштириш учун йўналтирилишига рухсат бера олмайман», — деб ёзади Трамп ўзининг Twitter’даги саҳифасига.

Ҳужжатда таъкидланишича, ЖССТ коронавирус пандемиясига қарши кураш доирасида нотўғри қадамларни қўйган, хусусан, ташкилотнинг Хитойга боғлиқлиги сабаб инфекция кенг кўламда ёйилиб кетган.

Мактубда қайд этилишича, ЖССТ Уханда вирус 2019 йилнинг декабрида тарқалгани тўғрисидаги хабарларни инобатга олмаган ёки Хитой томонидан расман билдирилган маълумотларни текширишни бошламаган.

Трампнинг маълум қилишича, ЖССТ ўз баёнотларида қўпол ноаниқликларга йўл қўйган ёки нотўғри маълумотни тасдиқлаган. Хусусан, 14 январь куни ЖССТ Хитой томонидан вирус инсондан инсонга юқмаслиги тўғрисида эълон қилинган маълумотларни тасдиқлаган. Шунингдек, Трамп 21 январь куни содир бўлаётган воқеаларни фавқулодда ҳолат, деб атамаслик учун Хитой раиси Си Цзиньпин ЖССТга босим ўтказган бўлиши мумкинлигини ёзган. Орадан бир ҳафта ўтгач, кўплаб далил-исботлар ЖССТни баёнот беришга барибир мажбур этган.

Шунга қарамай, ташкилот бир неча бор Хитойнинг ҳаракатларини «шаффоф» эканлигини таъкидлаган.

Эслатиб ўтамиз, 15 апрель куни АҚШ ЖССТни молиялаштиришни тўхтатишини эълон қилганди. Орадан бир ҳафта ўтгач, Хитой ЖССТга қўшимча 30 миллион доллар ажратиши ҳақида хабар берилган. Кейинчалик 26 апрелда АҚШ давлат котиби Майкл Помпео эса Fox News телеканалига берган интервьюсида Америка ЖССТни молиялаштириш масаласига бошқа қайтмаслиги мумкинлигини билдирган. 17 май куни АҚШ президенти Дональд Трамп Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотини молиялаштириш қисман тикланиши мумкинлигини маълум қилди.