18 май куни Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ташаббуси билан видеоконференцалоқа тарзида ўтказилаётган 73-Жаҳон соғлиқни сақлаш ассамблеяси бошланди. Ялпи мажлисни Хитой Халқ Республикаси раиси Си Цзиньпин очиб берган.

ХХР раиси Си Цзиньпин

Фото: Getty Images

У ўз нутқи давомида Хитойнинг ЖССТни коронавирус инфекцияси ҳақида шаффоф тарзда, холис хабардор қилгани ва мамлакатдаги вазият ҳақида ҳисобот бериб борганини қайд этди.

Бир муддат аввал АҚШ президенти Дональд Трамп бир неча марта ХХРнинг COVID-19 ҳақидаги маълумотларни яширгани ва статистикани камайтириб кўрсатгани ҳақида гапирган эди.

«Хитой ҳар доим очиқлик, шаффофлик ва масъулият принципларига бўйсунган. ЖССТ ва бошқа мамлакатларни эпидемиологик вазият ҳақида ўз вақтида хабардор қилиб борган, вирус генлари ҳақида узлуксиз ахборот берган», — деган Си Цзиньпин.

ХХР раисининг сўзларига кўра, Хитой COVID-19’нинг тарқалиши бўйича очиқ тарзда маълумотлар берган ва уни даволаш усуллари ҳақидаги тажрибалар билан ҳам бўлишган.

Си Цзиньпин ривожланаётган мамлакатларга коронавирус тарқалишига қарши курашда ёрдам бериш дастурида белгиланган чора-тадбирлар ҳақида ҳам маълумот берган. Жумладан, Пекиннинг икки йил давомида эпидемиядан жабр кўрган давлатларни қўллаб-қувватлаш учун 2 миллиард доллар ажратишга тайёрлигини қайд этган.

«Хитой COVID-19’га қарши халқаро ҳамкорликни ҳар томонлама рағбатлантириш мақсадида келгуси 2 йил давомида ижтимоий-иқтисодий тараққиёти сустлашган ривожланаётган мамлакатларга 2 миллиард доллар маблағ ажратади», — деган у.

ХХР раиси БМТ билан ҳамкорликда Хитой ҳудудида глобал омборхона ва эпидемияга қарши кураш воситаларини муҳтож давлатларга етказиб берувчи хаб, ушбу ишларни амалга ошириш мақсадида яшил божхона йўлаги ташкил қилиниши ҳақида ҳам гапирган.

Си Цзиньпин вируснинг тарқалишини иложи борича тезроқ тўхтатиш зарурлиги, бунда асосий роль ЖССТ зиммасида эканини таъкидлаган.

Африка қитъаси мамлакатларига кўмак бериш мақсадида ХХР томонидан 30 та механизм ишлаб чиқилади ва уларда ёрдамга муҳтож касалхоналарга эътибор қаратилади. Си Цзиньпин G20 гуруҳида қашшоқ мамлакатларнинг кредитлари учун мораторий эълон қилиниши ҳақидаги ғояни илгари суришини билдирди. Хитой қитъадаги 50 та давлатга ўз ёрдамини беришга улгурган ва уларга тиббиёт ходимларидан иборат гуруҳлар юборган.

Аввалроқ, аниқроғи, 15 апрелда АҚШ ЖССТни молиялаштиришни тўхтатишини эълон қилганди. Орадан бир ҳафта ўтгач Хитой ЖССТга қўшимча 30 миллион доллар ажратиши ҳақида хабар берилган. Кейинчалик 26 апрелда АҚШ давлат котиби Майкл Помпео эса Fox News телеканалига берган интервьюсида Америка ЖССТни молиялаштириш масаласига бошқа қайтмаслиги мумкинлигини билдирган. 17 май куни АҚШ президенти Дональд Трамп Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотини молиялаштириш қисман тикланиши мумкинлигини маълум қилди.

Ассамблеяда Франция президенти Эммануэль Макрон ва Германия Федератив Республикаси канцлери Ангела Меркель ҳам нутқ сўзлаган. Меркелнинг қайд этишича, ЖССТнинг барқарор ривожланишини таъминлаш зарур. Шунингдек, канцлер дунё ҳамжамиятини пандемиянинг ижтимоий-иқтисодий оқибатлари ҳақида ўйлашга чақирди ва ушбу қийинчиликлар ортда қолишига ишонч билдирди.

Reuters хабарига кўра, Макрон ва Меркель пандемия оқибатларига қарши курашиш бўйича франк-герман ташаббусини илгари сурган.