Коронавирус билан курашаётган шифокорларга ёрдам бериш учун 33 миллион фунт тўплаган Буюк Британияда яшовчи 100 ёшли уруш фахрийси Томас Мурга рицарь унвони берилди, деб хабар беради BBC.

Фото: BBC

Уруш фахрийсини шу тарзда тақдирлашни мамлакат бош вазири Борис Жонсон таклиф қилган.

«Полковник Томнинг фантастик хайрия акцияси рекорд ўрнатиб, коронавирус туманида бизга ишонч нурларини бахш этди. Ушбу ажойиб воқеадан таъсирланган барча инсонлар номидан полковникка миннатдорчилик билдираман. У — бизнинг ҳақиқий миллий хазинамиз», — деди Жонсон.

Британия бош вазири ўз мурожаатида, шунингдек, Мурнинг муваффақияти Гиннес рекордлар китобига киритилганини ҳам айтиб ўтди.

Жонсон Британия қироличасига Мурни рицарлик унвони билан тақдирлашни сўраб мурожаат қилди. Елизавета II ушбу сўровни қаноатлантирди. Эндиликда уруш фахрийсини расмий равишда «сер Томас Мур» деб чақиришади.

Маълумот учун, Буюк Британияда коронавирусга қарши курашаётган шифокорлар учун боғида сайр қилиб, 30 миллион фунт тўплаган ва You’ll never never walk alone қўшиғига куйланган кавер билан хит-парадда биринчи ўринни эгаллаган Иккинчи жаҳон уруши фахрийси капитан Том Мур 30 апрель куни 100 ёшга тўлди.