Қирғизистон пойтахти Бишкекда 25 майдан жамоат транспорти ҳаракати тикланади, деб хабар бермоқда КNews. Бу ҳақда мамлакат бош вазирининг биринчи ўринбосари Кубатбек Боронов брифингда маълум қилган.

Фото: 24.kg

Қайд этилишича, барча йўловчилар санитария меъёрларига қатъий риоя қилиши, масофа сақлаши ва ниқоб тақиши шарт. Йўналишга автобуслар ва троллейбуслар чиқарилади. Авиақатновларни қайта тиклаш масаласи эса 25 май куни кўриб чиқилади.

Бундан ташқари, шу кундан бошлаб буюм бозорлари, 50 кишиликдан ортиқ бўлмаган кафе ва ресторанлар, театр, музей, кутубхоналар ҳам ишлашни бошлайди.

Барча давлат хизматлари марказлари, (болалар ўйингоҳлари ва овқатланиш жойларини истисно қилган ҳолда) савдо марказлари, автомобиль ва мол бозори, меҳмонхоналар (бассейнлар ва спорт заллари ишламаслиги лозим), хусусий ҳаммомлар ва СПА салонлари фаолиятига эса 21 майдан бошлаб рухсат берилади.

«Агар мамлакатда коронавирус билан боғлиқ вазият яхши томонга ўзгармаса, айрим соҳалар ишини қайта бошлашни кечиктиришга тўғри келади», — деган бош вазир ўринбосари.

Сўнгги маълумотларга кўра, Қирғизистонда коронавирусга чалинганлар сони 1 270 кишига етган. Беморларнинг 910 нафари соғайган, 14 нафари вафот этган.