Worldometer сервиси маълумотларига кўра, дунёда коронавирусга чалинганлар сони 5 миллион кишидан ошди.

Фото: EPA

20 май, соат 17:00 ҳолатига кўра, касалланганлар сони 5 010 113 кишига етгани қайд этилган. Шундан 1 975 322 нафари соғайган, 325 332 киши эса вафот этган.

Касалланган сони бўйича рўйхатда АҚШ етакчи бўлиб турибди –  1,571,131 киши касалликка чалинган. Иккинчи ўринни Россия (308 705 киши), учинчи ўринни Испания (278 803 киши) эгаллаган.

Жонс Ҳопкинс университети маълумотлари эса дунё бўйича касалликка чалинганлар сони 4 913 761 кишига етганини кўрсатмоқда.

Турли мутахассисларнинг ҳисоб-китобига кўра касалликка чалинганлар сони аслида анча кўп, чунки статистикада фақат аниқланган ҳолатларгина ҳисобга олинади.