Лотин Америкаси давлатларида коронавируснинг тарқалиш статистикаси борган сари хавотирли бўлиб бормоқда, минтақа касалликнинг янги ўчоғига айланиши мумкин. Бу ҳақда Der Spiegel хабар қилган.

Фото: France-24

Бразилиядаги «Чегара билмас шифокорлар» бўлинмаси раҳбари Ана де Лемосга кўра, охирги ҳафталар ичида Лотин Америкаси давлатларида касалланиш ва ўлим ҳолатлари сони бўйича рекордлар янгиланган.

«Перу пойтахти Лимада одатдагидан икки баравар кўп одам ҳалок бўлмоқда. Кўрсаткич Париждаги эпидемиянинг энг ёмон даврига ўхшаш», — деб ёзган Der Spiegel.

Аҳолиси 2 миллион кишини ташкил қилувчи Бразилиянинг Манаус шаҳрида ўлим кўрсаткичи уч баравар кўпайган. Лондон ва Мадридда ҳам худди шундай эпидемиологик вазият ҳукмрон. Эквадорнинг Гуаякиль шаҳрида эса ўтган йиллардаги кўрсаткичдан беш баравар кўп одам ҳаётдан кўз юмган ва бу Нью-Йоркдаги вазиятни эслатади.

Бразилияда коронавирусдан вафот этганлар оммавий равишда дафн қилинмоқда. Мамлакатда ўтказилаётган COVID-19 тестларининг сони ҳам кам.

Нашр Сан-Паулудаги шифокорлардан бирининг сўзларини келтирган ва унинг айтишича Бразилияда коронавирус қурбонлари сони 100 минг нафарга етиши мумкин ва «энг ёмони» ҳали олдинда. Мақола муаллифининг қайд этишича, ушбу прогнозларга мамлакат президенти Жаир Болсонару касалликни «кичик грипп» деб, тегишли карантин чораларини кўрмагани сабаб бўлмоқда.

«Аксарият штатларнинг губернаторлари Болсонаруни танқид қилган бўлса ҳам ўзлари ҳудудда карантин чекловларини белгиламаган. Шаҳарлардаги чекловларни қўллашда эса масъулият ҳукумат томонидан мерларга юклатилган. Болсонару амалдаги карантин чекловларини юмшатмоқчи, сабаби иқтисодий зарар унга коронавирусдан кўра хавфлироқ вазиятдек кўринмоқда», – дейилган материалда.

Бундан ташқари, Лотин Америкасида касалланганлар ва ўлганлар сони бўйича 3-ўринга чиқиб олган Мексикада ҳам аввалги чекловлар бекор қилина бошлаган. Вирусологлар Мехикода эпидемия ўз чўққисига чиқмаганлигини айтмоқда.

Перуда ҳам вазият оғир, қатъий карантинга қарамай Лорето ҳудудида коронавирусдан ҳар соатда бир нафар бемор вафот этмоқда.

«Европа ва АҚШ билан солиштирганда Лотин Америкаси мамлакатларида инқирозга қарши курашиш қийин кечади. Иқтисодий танглик даврида бир қатор давлатларда соғлиқни сақлаш тизимида қисқаришлар амалга оширилган. Улар дунё бозорида бой мамлакатлар билан рақобат қилишига тўғри келади», — дея хулоса қилган муаллиф.

Коронавирус пандемияси деярли бутун дунёни қамраб олган. Жаҳонда 4,8 миллион нафардан кўпроқ одам касалликка чалинган, қурбонлар сони эса 300 мингдан ошиб кетган.

Лотин Америкасида касалланганларнинг сони етти бараварга кўпайган — 542 693 нафар, COVID-19 оқибатида вафот этганлар сони эса 8,5 бараварга кўпайган — 30 396 нафар. Минтақадаги касалланганлар ва ўлганларнинг ярми Бразилияга тўғри келади (мос равишда 254 220 ва 16 792), кейинги ўринда Перу (94 933 ва 2789), Мексика эса юқорида айтилганидек 3-ўринда (51 633 ва 5332).