Филиппин расмийлари Пампанга провинциясида яширин клиникани аниқлади, у ерда COVID-19 билан касалланган Хитой фуқаролари даволанган. Бу ҳақда «РИА Новости» хабар берди.

Фото: «РИА Новости»

Полиция ўтказган операция доирасида бир неча Хитой фуқароси қўлга олинган. Улар орасида клиника бошқарувчиси ва клиника қошидаги дорихона фармацевти ҳам бўлган.

Полиция клиника ва дорихона ҳақида келиб тушган маълумотни текшириш учун уч ҳафта давомида кузатув олиб борган ва маълумотларни йиғган. Операция давомида Хитойда ишлаб чиқарилган дорилар ва тиббий маҳсулотлар мусодара қилинган. Гумонланувчилар маҳаллий полиция томонидан қамоққа олинган, клиника эса ёпилган.

Филиппин Соғлиқни сақлаш вазирлиги 20 май куни мамлакатда коронавирус билан касалланиш бўйича 279 та янги ҳолат аниқланганини маълум қилди. Мамлакатда касалланганларнинг умумий сони 13 221 кишига етган, касаллик оқибатида 842 киши вафот этган.

Эслатиб ўтамиз, Филиппин президенти карантин вақтида тартибни бузган фуқароларни отишга буюрган.