Коронавирус пандемияси сабаб бутун дунё бўйлаб 60 миллионга яқин одам ўта қашшоқликда қолиши мумкин. Бу ҳақда Жаҳон банки президенти Дэвид Мэлпас маълум қилди.

Фото: Getty Images

«Бизнинг ҳисоб-китобимизга кўра, 60 миллионга яқин одам ўта қашшоқ аҳволда қолади, бу эса сўнгги уч йил ичида қашшоқликка қарши кураш жараёнида эришилган барча ютуқларни йўққа чиқаради», — дейди Мэлпас.

Унинг сўзларига кўра, Жаҳон банки пандемияга қарши кураш йўлида ҳозиргача дунё аҳолисининг 70 фоизи тўғри келадиган 100 та давлатга ёрдам кўрсатиб улгурган. Таъкидланишича, банк ривожланаётган мамлакатларга 15 ой давомида коронавирус пандемиясининг оқибатларига қарши курашиш учун грантлар, заём ва инвестициялар шаклида 160 миллиард доллар ажратади.

Шунингдек, Мэлпас кредиторларни бир қатор ривожланаётган мамлакатларнинг қарзларини тўлашга мораторий эълон қилган G20 давлатлари ташаббусига қўшилишга чақирди.

Аввалроқ Жаҳон банки томонидан Марказий Осиёга ажратилган 370 миллион долларнинг асосий қисми Ўзбекистонга насиб этгани ҳақида хабар берилганди.

Эслатиб ўтамиз, Молия вазирлиги Ўзбекистон ҳукумати томонидан 2019 йилда жалб қилинган қарз миқдорини маълум қилган эди. Ўзбекистон Президентининг 22 апрелда имзолаган қарорига кўра, пандемия оқибатларини камайтириш учун 2020 йилда 3,1 миллиард доллар жалб қилиш режалаштирилмоқда.