Жаҳон соғлиқни сақлаш ассамблеяси иштирокчилари коронавирус пандемиясига қарши дунёнинг турли мамлакатлари қандай чоралар кўраётганлигини текшириш зарурлиги тўғрисидаги резолюцияни қабул қилди. Бу ҳақда Reuters хабар берди.

Фото: Reuters

Резолюцияда имкон қадар қисқа вақт ичида COVID-19’га берилаётган халқаро жавобни холис, мустақил ва ҳар томонлама баҳолаш талаб қилинади. Ҳужжатда Хитой ҳақида гап бормаган ва вируснинг келиб чиқишини аниқлаш учун ҳеч қандай чақирув йўқ.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотига аъзо давлатларнинг ҳеч бири резолюцияга қарши чиқмаган. Ҳужжат Европа Иттифоқи томонидан 100 дан ортиқ мамлакатнинг қўллаб-қувватлови билан тақдим этилган.

CNN нашрининг ёзишича, Хитой ўрганиш ишлари олиб бориш масаласини маъқуллаган, аммо буни фақат пандемиядан кейин амалга ошириш кераклигини таъкидлаган.

Коронавируснинг тарқалиши Хитойда 2019 йил охирида бошланган. Хитой расмийлари инфекциянинг табиий усулда келиб чиққанини таъкидлайди. ЖССТ ҳам шундай фикрда. Ташкилот вирус одамларга кўршапалаклардан юққан деб ҳисоблайди ҳамда унинг лабораторияда яратилмагани ёки ўзгартирилмаганини таъкидлайди.

АҚШ расмийлари коронавирус Хитойнинг Ухань шаҳридаги вирусология институтидан тасодифан тарқалган бўлиши мумкинлиги ҳақидаги тахминни илгари сурди. Ушбу тахмин фойдасига далиллар мавжудлиги, хусусан, АҚШ президенти Дональд Трамп ва АҚШ Давлат департаменти раҳбари Майкл Помпео томонидан таъкидланган.