Россияда коронавирус инфекциясининг тарқалиш тезлиги пасайгани мамлакат «барқарорлашув фазаси»га ўтганини билдиради. Бу ҳақда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг Россиядаги вакили Мелита Вуйнович маълум қилди, деб ёзмоқда «РБК».

Фото: «РБК»

Бироқ унинг сўзларига кўра, янги касалланиш ҳолатлари сонининг бундан кейин камайишига эришиш зарур, чунки касаллик устидан тўлиқ ғалабагача ҳали узоқ.

«Бу марафонга ўхшайди ва биз эндигина унинг ярмидамиз, деган бўлар эдим», — деган Вуйнович.

ЖССТ вакилининг таъкидлашича, касалланганлар сонининг пасайишидаги ижобий тенденцияни сақлаб қолиш учун касалликка қарши кураш мақсадида жорий қилинган чекловларга амал қилиш жуда муҳим ҳисобланади.

Сўнгги бир суткада Россияда COVID-19 билан касалланиш бўйича 8764 та янги ҳолат қайд этилган, бу 1 майдан буён қайд этилган энг паст кўрсаткич бўлди. Бир суткада тузалганлар сони эса биринчи марта касалланганлар сонидан ошди ва 9262 кишини ташкил қилди. Тузалганларнинг умумий сони эса 85 минг кишидан ошган. Россияда коронавирусга чалинганларнинг умумий сони 308,7 минг кишидан ошди, 2972 киши касалликдан вафот этган, жумладан, сўнгги бир суткада 135 киши қурбон бўлган.

Аввалроқ Мелита Вуйнович COVID-19 эпидемиясининг сусайиши қайси кўрсаткич билан ўлчаниши ҳақида гапирганди.