Нидерландияда коронавирус инфекциясининг қоракўзандан (норка) инсонга юқиш ҳолати қайд этилди. Бу ҳақда мамлакат қишлоқ хўжалиги вазири Карола Схаутеннинг парламентга йўллаган мактубига таяниб, Reuters хабар берди.

Фото: «Зеркало»

Коронавирус юқтириб олган эркак териси учун қоракўзанлар боқиладиган фермада ишлаган. Бемор ҳозирда қай аҳволда эканлигига аниқлик киритилмаган.

Вазир ўз мактубида бунга қадар вирус ҳайвондан инсонга юқмаслиги тўғрисида билдирган хулосалари хато эканлигини тан олган. Шу билан бирга, у ҳайвондан вируснинг юқиш эҳтимоллиги минимал даражада эканлигини қайд этиб ўтган.

Апрель ойида Нидерландиянинг Шимолий Брабант провинциясида жойлашган қоракўзан боқиш билан шуғулланувчи иккита фермада коронавирус аниқланган эди. Ҳайвонларда COVID-19 белгилари аниқланган, хусусан, нафас олиш йўлларида муаммолар пайдо бўлган, шунингдек, ўлим ҳолатлари кўпайган.

Ўшанда мамлакат ҳукумати касаллик қоракўзанларга инсондан юққан бўлиши мумкинлигини, чунки ферманинг айрим ходимларида коронавирус белгилари аниқланганини маълум қилганди. Инфекция тарқалишининг олдини олиш учун ҳайвонлар ва уларнинг ахлатларини фермалардан олиб чиқиш тақиқланган ҳамда ушбу ҳудудларга кириш ёпиб қўйилган.

Аввалроқ АҚШда илк бор мушукларда ҳам коронавирус қайд этилганди. Ундан аввалроқ эса Нью-Йоркдаги Бронкс ҳайвонот боғида йўлбарс коронавирус юқтириб олгани ҳақида хабар берилган эди.