Қозоғистонда ўтган бир сутка ичида 218 кишида коронавирус аниқланди. Бу ҳақда давлат комиссиясининг тезкор штабига таяниб, Tengrinews хабар берди.

Фото: AFP

Мамлакатда COVID-19 коронавирус инфекциясига чалинган жами беморлар сони 6969 кишига етган. Ҳозирга қадар 35 киши коронавирус қурбонига айланган бўлса, 3598 бемор даволанишга муваффақ бўлган.

Кунлик ўсиш 3,2 фоизни ташкил этмоқда. Касаллар сони вилоятлар кесимида қуйидагича тақсимланмоқда:

  • Чимкент — 50 (11,4 фоиз);
  • Олмаота — 37 (2 фоиз);
  • Нур-Султон — 32 (2,5 фоиз);
  • Қарағанда вилояти — 24 (9,1 фоиз);
  • Атирау вилояти — 23 (3 фоиз);
  • Костанай вилояти — 12 (12,2 фоиз):
  • Ғарбий Қозоғистон вилояти — 10 (3 фоиз);
  • Жамбил вилояти — 9 (4,3 фоиз);
  • Олмаота вилояти — 7 (3,3 фоиз);
  • Туркистон вилояти — 5 (2,1 фоиз);
  • Қизилўрда вилояти — 5 (2 фоиз);
  • Ақтўбе вилояти — 3 (1,3 фоиз);
  • Манғистов вилояти — 1 (0,6 фоиз).

Қирғизистонда коронавирусга чалинганлар сони 1270 кишига етди. Бу ҳақда республиканинг COVID-19’га қарши курашиш бўйича штабига таяниб, «РИА Новости» хабар берди.

«20 май ҳолатига кўра, яна 27 кишида коронавирус аниқланди», — дейди штаб вакили. Унинг сўзларига кўра, касалликка чалинганларнинг 9 нафари — тиббиёт ходимлари. Ўтган бир сутка ичида 12 киши соғайган.

Шундай қилиб, бутун мамлакат бўйлаб коронавирусга чалинганларнинг умумий сони 1270 кишига етди, уларнинг 266 нафари — тиббиёт ходимлари. Ҳозирга қадар 14 бемор коронавирус қурбонига айланган, 898 бемор даволанишга муваффақ бўлган. Республикада пандемия бошланганидан буён коронавирусга 85 мингдан ортиқ тест ўтказилган.

Ўзбекистонда 20 май соат 10:00 ҳолатига кўра, коронавирусга чалинганлар сони 2880 нафарга етди. Ҳозиргача мамлакатда 2338 нафар киши бутунлай соғайган. Айни вақтда мамлакат бўйича 529 нафар бемор касалликдан даволанмоқда, улардан 6 нафарининг аҳволи оғир. 13 нафар бемор касаллик асоратлари оқибатида вафот этган.