Айни пайтда Россияда 14 та платформада 47 та коронавирус вакцинаси ишлаб чиқилмоқда. Бу ҳақда Россия бош вазири ўринбосари Татьяна Голикова маълум қилди деб хабар бермоқда «РИА Новости».

Фото: «РИА Новости»

«Умид қиламизки, уларнинг айримлари сезиларли натижалар беради», — деган у Федерация кенгаши йиғилиши чоғида.

Голикованинг айтишича, май ойи ўрталарига келиб тиббий асбоблар ва тиббий буюмлар ишлаб чиқарувчи ташкилотлар давлат реестрига ИФА (иммунофермент таҳлили) ва ПЗР (полимер занжир реакцияси) усулидаги таҳлиллар ўтказиладиган 24 та синов тизими тўғрисидаги маълумотлар киритилган.

Аввалроқ Россияда коронавирус инфекциясини аниқлайдиган 17 та тест-тизими рўйхатдан ўтказилгани ва улардан лаборатор ташхис қўйишда фойдаланиб келинаётгани хабар берилганди.

Жонс Ҳопкинс маълумотларига кўра, Россияда коронавирусга чалинганлар сони 300 минг кишидан ошиб кетган.