Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев Евросиё олий иқтисодий кенгашининг видеоконференция шаклида бўлиб ўтган йиғилишида Евросиё иқтисодий иттифоқини ривожлантиришнинг стратегик йўналишларини тасдиқлашни кейинга суришни таклиф қилди. Бу ҳақда 19 май куни Беларуснинг Белта нашри хабар берди.

Фото: Оқ ўрда матбуот хизмати

Тўқаев бу ҳужжатни кенгашга аъзо давлатлар вакилларининг эртами-кечми бўлиб ўтадиган яккама-якка учрашувидан кейин қабул қилиш зарурлигини таъкидлган. «Умуман олганда, унинг қабул қилинишини қўллаб-қувватлаган ҳолда, қўшимча муҳокамани ва ўрганишни талаб қиладиган айрим муаммолар мавжуд деб ҳисоблайман», — деган у.

Қозоғистон президенти ушбу ҳужжат жуда муҳим эканлигини ва 2025 йилгача интеграция йўналишларини белгилаб беришини таъкидлаган. Унинг сўзларига кўра, амалда товарларнинг чекловларсиз ҳаракатланишини таъминлаш, хизматлар учун ягона бозорни яратиш ва умумий энергия ва молия бозори учун пойдевор тайёрлаш зарур.