Хитойда SARS-CoV-2 коронавирусининг энг биринчи ўчоғи бўлган Ухань шаҳрида ёввойи ҳайвонларни пишириб ейиш ва уларни шу мақсадда боқишга тақиқ қўйилди. Шунингдек, ёввойи ҳайвонларни овлаш ва уларни сотиш ҳам тақиқланган.

Фото: Reuters

Ушбу чора-тадбирлар кўзда тутилган қарор Ухань шаҳар маъмуриятининг расмий сайтида эълон қилинган. Тақиқлар ҳужжат эълон қилинганидан кейин беш йил муддат давомида амал қилади.

Чеклов барча ёввойи жониворларга тааллуқли. Ов қилишга ҳам фақат илмий мақсадларда, ҳайвонлар популяциясини тартибга солиш ва бошқа асосланган шароитларда рухсат берилади. Ов учун маъмуриятдан махсус ҳужжат, яъни лицензия олиниши лозим. Ёввойи ҳайвонларни сунъий равишда кўпайтиришга фақат турни сақлаб қолиш, илмий тадқиқотлар ва ҳукумат рухсат берган бошқа мақсадларда рухсат берилган.

Ёввойи ҳайвонларни етиштирган муассасалар ва уй хўжаликларига компенсация маблағлари тўлаб берилади.

Ёввойи ҳайвонларни нафақат сотиш, балки ушбу фаолиятни реклама қилиш ҳам тақиқланган.

«Ҳеч бир ташкилот ва жисмоний шахс бу каби рекламаларни жойлаштириши, эълонлар ёки рецептлар ёпиштириши, тақиқланган ёввойи ҳайвонлар, улардан чиққан маҳсулотларни ейишни тарғиб қилувчи материалларни тарқатиш, шунингдек, ёввойи ҳайвонларни ноқонуний равишда сотиш билан шуғилланиш ҳам тақиқланган», — дейилади фармонда.

Овчилик, ёввойи ҳайвонларни кўпайтириш ва уларни хом ашё сифатида етиштириш учун аввал олинган лицензиялар ҳам бекор қилинади.

Хитойда коронавирус туфайли ёввойи ҳайвонлар савдоси январь ойида тақиқланган. Кейинроқ COVID-19’нинг биринчи ташувчиси ёввойи ҳайвонлар бўлгани эълон қилинган.