Хитой коронавирус инфекциясининг тарқалишига қарши кураш учун 9 триллион доллар маблағ ажратиши лозим. Бу ҳақда АҚШ давлат котиби Майкл Помпео ўз баёнотида айтиб ўтди, дея хабар қилган Fox News.

Фото: Reuters

«Хитойнинг пандемияга қарши кураш учун сарфлаётган пули бутун дунёда кўрилаётган зарар олдида ҳеч нарса эмас. Мазкур касаллик туфайли 90 минг нафар америкалик ҳаётдан кўз юмди, март ойидан бери мамлакатда 36 миллион аҳоли ўз ишини йўқотди. Дунё бўйича COVID-19’дан ўлганлар сони 300 мингдан ошиб кетган, ҳисоб-китобларимизга кўра жаҳон иқтисодиётига 9 триллион доллар зарар етиши мумкин», — деган Помпео.

У АҚШнинг бутун дунёда коронавирусга қарши кураш, жумладан, вакцина ишлаб чиқиш, инсонпарварлик ёрдамлари учун тахминан 10 миллиард доллар ажратгани, Хитой эса атиги 2 миллиард доллар ваъда қилаётгани ҳақида танқидий фикр билдирган.

АҚШ Хитойни коронавирус ҳақидаги маълумотларни яширганликда айбламоқда. Вашингтон пандемияга сабаб бўлган ахборотлар тақдим қилинмаса, Пекинга нисбатан санкциялар қўлланилиши мумкинлигини эслатган.

Аввал Помпео коронавируснинг Ухандаги лабораторияда пайдо бўлгани ва бунга етарли даражада исбот ҳамда далиллар борлигини қайд этган. АҚШ хавфсизлик вазирлиги Хитойни нафақат эпидемиянинг кўлами ҳақида, балки касалликнинг жиддийлиги борасидаги маълумотларни ҳам яширганликда айблаганди. АP нашри берган ахборотларга кўра ХХР COVID-19 билан боғлиқ вазиятнинг хавфлилик даражасини камайтириб, тиббий ниқоблар, кийимлар ва дорилар импортини оширган ҳамда уларнинг мамлакатдан чиқишига тақиқ қўйган.

Хитой томони АҚШнинг айбловларини инкор этмоқда ва коронавируснинг сунъий тарзда яратилгани, у ҳақидаги маълумотлар яширилгани ҳақидаги гапларни ёлғонлигини қайд этган. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти расмийлари ҳам АҚШнинг айбловлари асоссиз эканлигини билдирган.