Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон соғлиқни сақлаш вазирлиги раҳбарияти ва ходимлари билан учрашувда мамлакат бош вазири, республика штаб-квартираси раҳбари Коҳир Расулзодага «Тожикистондаги пандемия ҳақида ҳаққоний маълумотларни» ОАВлар орқали мунтазам равишда эълон қилишни топширди. Бу ҳақда Asia-Plus хабар бермоқда.

Фото: Тожикистон президент матбуот хизмати

«Қанча одам касаллангани, қанчаси тузалгани, қанчаси вафот этгани ҳақида мунтазам ахборот беринг, яширманг, халқ ҳақиқатни билиши керак», — деб таъкидлаган президент.

Хабарда айтилишича, давлат раҳбари матбуот хизмати томонидан тарқатилган пресс-релизда юқоридаги гаплар йўқ, аммо президент чиқишининг телевизион версиясида унинг бу кўрсатмаси Коҳир Расулзодага айтилган.

Тожикистонда сўнгги сутка давомида 204 кишида коронавирус қайд этилиб, мамлакатда касалланганларнинг умумий сони 2 140 кишига етган. Вафот этганлар сони эса 41 кишини ташкил қилиб, у 30 апрелда эълон қилинган хабардан буён ўзгармаган.

Касалликдан умумий ҳисобда 470 киши тузалган. Уларнинг қачон тузалиб чиққани ҳақида маълумот берилмаган. Шунингдек, айни пайтда касалхоналарда 3 592 киши шифокорлар назоратида эканлиги қайд этилган.

Таъкидлаш жоизки, Тожикистонда коронавирус жуда тез тарқалиб, мамлакат қурбонлар сони бўйича Марказий Осиёда етакчилик қилмоқда.

Аввалроқ Ўзбекистоннинг UzAuto Motors компанияси томонидан жиҳозланган Damas негизидаги тез тиббий ёрдам автомобиллари партияси Тожикистонга юборилгани хабар берилган, компания ушбу автомобиллар Тожикистоннинг махсус тез тиббий ёрдам паркини кенгайтириш ва пандемия вақтида беморларга ўз вақтида ёрдам кўрсатиш учун мўлжалланганини маълум қилганди. Кейинчалик мазкур машиналар Тожикистоннинг «Лесинвест» компанияси томонидан ўз маблағлари ҳисобига Ўзбекистондан сотиб олингани маълум бўлганди. UzAuto Motors’нинг хабари эса сайтдан ўчириб ташланган.