Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти 20 май ҳолатига кўра, бир сутка ичида бутун дунёда коронавирус юқтириб олиш бўйича 106 мингта ҳолат қайд этилганини ва бу пандемия бошланганидан бери кузатилган антирекорд эканини билдирди. Бу ҳақда Женевада ўтган брифингда ЖССТ бош директори Тедрос Адан Гебрейесус маълум қилган.

Фото: Reuters

«Ортда қолган 24 соат ичида жами 106 мингта касалланиш ҳолати аниқланган. Бу пандемия бошланганидан бери кузатилган энг катта рақам. Ушбу ҳолатларнинг қарийб ярми 4 та мамлакат ҳудудига тўғри келади», — деган у.

Гебрейесуснинг сўзларига кўра, ЖССТ COVID-19 билан касалланиш ҳолатларининг кўпайиши айрим мамлакатларда ўрта ёки паст даромадга эга аҳолининг оғир вазиятга тушиши мумкинлигидан ҳам хавотирда.